Ижодий имтиҳонлар ўтказилиши учун шароитлар яратилган

2025-2026 ўқув йили учун қабул жараёнида бакалавриатнинг алоҳида иқтидор талаб этиладиган таълим йўналишлари бўйича олий таълим муассасаларида касбий (ижодий) имтиҳонлар бўлиб ўтмоқда.

Имтиҳонларнинг белгиланган талаблар асосида адолатли ва шаффоф ўтиши бириктирилган тегишли ташкилотлар вакиллари томонидан доимий назорат қилинмоқда. Айниқса, ҳаво ҳароратининг юқорилиги сабаб имтиҳонлар бўлиб ўтаётган жойларда зарур шароитларнинг яратилганлиги вилоят ҳокимлиги масъуллари томонидан назоратга олинган.

Жумладан, Самарқанд давлат педагогика институтининг жисмоний маданият, мусиқа таълими, тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси таълим йўналишлари бўйича ўтказилаётган касбий (ижодий) имтиҳонлари вилоят ҳокимининг ўринбосари Ҳусан Тўхтаев томонидан ўрганилиб, жараённи шаффоф ўтказилиши, имтиҳон топширувчилар ва уларнинг яқинлари учун зарур шароитлар яратилиши бўйича тавсиялар берилди.

Ҳаво ҳарорати қанчалик баланд бўлмасин, касбий (ижодий) имтиҳон топшираётган абитуриентларга заррача халақит бераётгани йўқ. Улар соҳа бўйича ўз иқтидорларини намойиш этиб, талабалар сафидан жой олишга бор куч-ғайрати билан ҳаракат қилмоқда.

- Касбий белгиланган тартиб бўйича 1000 ва 100 метрга югурдик, - дейди тойлоқлик абитуриент Ҳафиз Мардонов. – Футбол билан доимий шуғулланиб юрганим учун бу унчалик қийинчилик туғдирмади. Ҳавонинг иссиқлигини ҳисобга олмаса ҳаммаси жойида. Насиб бўлса, имтиҳонлардан муваффақиятли ўтиб, талабалар қаторидан жой оламан, деган умиддаман.