Пандемия шароитида меҳнат қилган тиббиёт ходимларига Самарқанднинг қайси ҳудудида, қанча маблағ тўланмаган?
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида тиббиёт, санитария-эпидемиология ва бошқа ходимлар коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш тадбирларига жалб қилинадиган даврда уларнинг ойлик лавозим маошига 6 фоиз миқдорда қўшимча тўловлар тўланиши белгиланган.
Самарқанд вилояти адлия бошқармаси ҳамда туман, шаҳар адлия бўлимлари томонидан мазкур фармоннинг ижроси юзасидан мониторинг ўрганишлар ўтказилганда коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш тадбирларига жалб қилинган айрим туман, шаҳар соғлиқни сақлаш ҳамда санитария-эпидемиологик осойишталик маркази ходимларининг ойлик иш ҳақига қўшимча тўловлар тўлаб берилмаганлиги аниқланди.
Жумладан, Самарқанд тумани тиббиёт бирлашмаси томонидан коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш тадбирларига жалб қилинган 121 нафар ходимларга 151 миллион 635 минг 700 сўм маблағ тўлаб берилмаган.
Шунингдек, Иштихон туманида 18 нафар ходимга 22 миллион 236 минг 927, Тойлоқ туманида 28 нафар ходимга (36 311 000), Каттақўрғон шаҳрида 22 нафар ходимга 22 миллион 586 минг 600, Пахтачи туманида 10 нафар ходимга 23 миллион 469 минг, Жомбой туманида 39 нафар ходимга 75 миллион 638 минг, Ургут туманида 32 нафар ходимга 32 миллион 360 минг, Самарқанд шаҳрида 32 нафар ходимга 32 миллион 815 минг, Пайариқ туманида 11 нафар ходимга 11 миллион 500 минг, Оқдарё туманида 7 нафар ходимга 621 минг ва Паст Дарғом туманида 3 нафар ходимга 3 миллион 78 минг сўм қўшимча 6 фоиз миқдорида пул тўланмаган.
Бундан ташқари, айрим туманларда коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш тадбирларига жалб қилинган санитария ва эпидемиология осойиштилик маркази ходимлари ойлик иш ҳақларига қўшимча устамалар тўланмаганлиги аниқланган.
Хусусан, Паст Дарғом туманида 74 нафар ходимга 64 миллион 230 минг, Самарқанд туманида 59 нафар ходимга 51 милион 289 минг, Иштихон туманида 59 нафар ходимга 37 миллион 765 минг, Жомбой туманида 52 нафар ходимга 53 миллион 755 минг, Каттақўрғон шаҳрида 47 нафар ходимга 43 миллион 703 минг, Пахтачи туманида 44 нафар ходимга 47 миллион 863 минг, Тойлоқ туманида 42 нафар ходимга 62 миллион 961 минг, Қўшработ туманида 35 нафар ходимга 35 миллион 830 минг ҳамда Булунғур туманида 6 нафар ходимга 13 миллион 61 минг сўм ойлик иш ҳақига қўшимча маблағ тўлаб берилмаган.
Мазкур аниқланган қонунбузилишларни батараф этиш ва келгусида бундай қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўймаслик ҳамда айбдор шахсларнинг жавобгарлигини кўриб чиқиш мақсадида вилоят адлия бошқармаси, шунингдек, туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан тақдимномалар киритилган.