"Париж-2024": Бугун самарқандлик юнон-рум курашчиси Исломжон Баҳромовга мухлислик қиламиз
Бугундан Париж шаҳрида ўтаётган ёзги Олимпия ўйинларида спорт курашлари бўйича беллашувлар бошланди. Ушбу кун доирасида Ўзбекистон делегациясидан бир нафар юнон-рум кураши устаси Исломжон Баҳромов -60 кг вазн тоифасида гиламга чиқади.
Исломжон Баҳромов 1995 йил 17 июль куни Оқдарё туманида туғилган. Республика олимпия захиралари коллежи тарбияланувчиси. 2014 йилдан турли ёш тоифаларидаги мусобақаларда Ўзбекистон терма жамоаси шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Самарқанд вилояти ИИБ хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ходими.
Мураббийлари Равшан Рўзиқулов ва Элмурат Тасмурадов. 2017 йил Озарбайжонда ўтган Ислом бирдамлиги ўйинларининг кумуш, Туркманистон мезбонлик қилган жанг санъати ва ёпиқ иншоотлардаги Осиё ўйинларининг бронза медали соҳиби. Қитъа биринчиликларида 1 та олтин ва 2 та бронза медалларига сазовор бўлган.
2023 йил Сербияда ўтган жаҳон чемпионатида -60 кг вазн тоифасида бронза медалини қўлга киритиб, "Париж-2024" ёзги Олимпия ўйинлари йўлланмасига эга бўлган.
Баҳромов учун бу фаолиятидаги дебют Олимпиада бўлади ва дастлабки босқичда келиб чиқиши эронлик Жамал Вализодага қарши гиламга чиқади. Ушбу дастур бугун маҳаллий вақт билан соат 18:00 да бошланади.
Исломжонга омад тилаймиз!