Бокс: Ситора Турдибекова Олимпиадада тайванлик "эркак"ка қарши жанг қилади
Ситора Турдибекова аввалроқ Халқаро бокс ассоциацияси томонидан жаҳон чемпионатидан четлаштирилган Линь Юйтинга қарши рингга чиқади. ХОҚ трансгендерларнинг иштироки ҳалоллик ва адолатнинг намоён бўлиши деб қарор қилди.
Бокс бўйича Олимпиаданинг 60 килограммгача бўлган вазн тоифасида биринчи босқичини муваффақиятли якунлаган ўзбекистонлик спортчи Ситора Турдибекова чорак финалга йўл олди. Бу босқичда у Тайван вакили Линь Юйтинга қарши жанг қилади.
Бироқ Линь Юйтиннинг аёллар мусобақасида иштирок этиши жамоатчилик орасида шов-шувларга сабаб бўлди. 2023 йилда Линь Юйтин қабул мезонларига жавоб бермагани учун Ҳиндистонда бўлиб ўтган Жаҳон чемпионати вақтида Халқаро бокс ассоциацияси (IBA) томонидан мусобақадан четлаштирилган эди. Гендер тести натижасида спортчида ХY хромосомалари (эркак хромосомалари) борлиги исботланган.
2024 йилда Халқаро олимпия қўмитаси Линь Юйтинни аёллар мусобақаларига қабул қилди. ХОҚ, шунингдек, спортчини IBA'нинг тўсатдан ва ўзбошимчалик билан қабул қилган қарори қурбони деб атади.
"Ушбу икки спортчига нисбатан агрессия (иккинчиси, жазоирлик Иман Хелиф) бутунлай тартибсиз қабул қилинган қарорга асосланган. Айниқса, бу спортчилар кўп йиллардан буён аёллар тоифасида юқори савияда иштирок этиб келаётганини ҳисобга олсак", — дейилади ХОҚ баёнотида.
ХОҚ баёнотида, шунингдек, спортчиларнинг жинси ва ёши "паспортлари асосида белгиланиши" ва бу қоидалар квалификация даврида ҳам қўлланилиши қайд этилган.
"Давом этаётган мусобақаларда танлов қоидалари ўзгармаслиги ва қоидаларга ҳар қандай ўзгартиришлар тегишли тартибларга мувофиқ ва илмий далилларга асосланган ҳолда амалга оширилиши керак", - дейилади баёнотда.
Ситора Турдибекова ва Линь Юйтин ўртасидаги жанг бугун, 2 август куни Тошкент вақти билан соат 18:30 да бошланади.
Кўрамиз, кузатамиз ва Ситорага "Фақат, олға, сен ғалаба қозонасан!", деб қоламиз.