Элликдан ортиқ жанг ўтказиб, бирор марта енгилмаган боксчи қиз Олимпиада чемпиони бўлмоқчи
Қаҳрамонимиз Каттақўрғон шаҳридаги Қўшҳовуз маҳалласида яшовчи, бокс бўйича аёллар терма жамоаси аъзоси, тўрт карра Ўзбекистон, икки карра Осиё ва жаҳон чемпиони, 17 ёшли Севара Маматова.
У беш ёшидан боксга қизиққан ва етти ёшидан бошлаб отаси ҳамда тренери Фурқат Маматов қўли остида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб келмоқда.
- Отамга ҳавас қилиб, боксни танлаганман, - дейди Севара Маматова. – Дадам қизиқишимни кўриб, ўғил болалар қатори менга ҳам машғулот ўтарди. Ёшлимгимда ўғил болалар билан бирга шуғулланганим учун қийинчилик бўларди, лекин инсон қийинчилик ва меҳнатсиз яхши натижага эришиши қийин. Фаолиятим давомида 50 дан ортиқ жанг ўтказиб, Ўзбекистон, Осиё ва жаҳон чемпиони бўлдим. Албатта, эришаётган ютуқларимда спортчиларга яратилган шарт-шароитлар муҳим аҳамиятга эга ҳамда отамнинг алоҳида хизматлари катта. Энг катта мақсадим – Олимпиада чемпиони бўлиб, жаҳон ареналарида юртимиз байроғини баланд кўтариш.
- Икки қиз ва бир ўғлим бор, - дейди Севаранинг отаси ва тренери Фурқат Маматов. – Севара бироз эркароқ, лекин шижоатли, қўрқмас эди. Унга доим меҳнат қилсанг, мақсадинг йўлида ҳаракатдан тўхтамасанг, яхши натижага эришасан, дунёни кўрасан, Ватанимиз байроғини баланд кўтарасан, деб доим қўллаб-қувватлайман. Мана, қизим ўғил болалардан кам эмас, ишончимизни оқлаяпти - мусобақаларда ҳали енгилмади, фақат биринчиликни қўлга киритиб келяпти. Қозоғистонда ёшлар ўртасида ўтказилган Осиё, Арманистонда ёшлар, қизлар ва ўсмирлар ўртасидаги жаҳон ҳамда ўтган йил Бирлашган Араб Амирлигининг Абу Даби шаҳрида бўлиб ўтган Осиё чемпионатларида олтин медалларни қўлга киритди. Каттақўрғон шаҳар тарихида аёллар ўртасида бокс бўйича жаҳон чемпиони бўлган илк спортчи бўлди. Севара ҳали ёш, Олимпиада чемпиони бўлишни мақсад қилган ва айни пайтда биргаликда машғулот олиб боряпмиз.
Каттақўрғон шаҳар спорт мактабида 17 спорт тури бўйича 40 нафар тренер-ўқитувчи қўл остида 1200 нафардан зиёд ўғил-қизлар шуғулланади. Айтиш жозки, спортчилар республика ва халқаро мусобақаларда фахрли ўринларни эгаллаб келмоқда. Жумладан, 2024 йилда спортчилар 263 та олтин, 199 та кумуш ва 179 та бронза медалларини қўлга киритган. Спорт мактабидан 1 нафар халқаро тоифадаги спорт устаси, 9 нафар Ўзбекистон спорт устаси, 5 нафар спорт усталигига номзод, 3 нафар биринчи разряд, 58 нафар иккинчи разряд, шунингдек, ўсмир спортчиларнинг 61 нафари биринчи, 137 нафари иккинчи ва 175 нафари учинчи разряд учун тайёрланган.
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.