Паст Дарғом туманида енгил конструкцияли дўкон ва ошхона ўрнига қурилган 2 қаватли бино бузилди
Барча юмушлар қонунбузар ҳисобидан амалга оширилган. Бу ҳақда МИБ Паст Дарғом туман бўлими давлат ижрочиси Нажмиддин ЮСУПОВ хабар қилмоқда.
Мажбурий ижро бюроси Паст дарғом туман бўлими иш юритувида фуқаролик ишлари бўйича туман судининг 2023 йил 7 февралдаги ижро варақаси келиб тушган. Унга асосан даъвогар Кадастр агентлиги вилоят бошқармаси даъво ариза билан мурожаат қилган.
Аризада Паст Дарғом тумани ҳокимининг 2020 йил 25 сентябрдаги қарорига асосан тумандаги “Камолот” маҳалла фуқаролар йиғини Кимёгарлар қўрғони ҳудудидан ўтувчи М-37-А Самарқанд шаҳар айланма йўлининг ёқасида жойлашган туман ҳокимлиги захирасида бўлган қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган 100 кв.метр ер майдонида тадбиркор К.А. ва бошқаларга вақтинчалик 10 йил муддатга енгил йиғма конструкциядан ошхона ва 2020 йил 9 декабрдаги қарорига асосан ушбу ҳудуддан 100 кв.метр ер майдонида енгил йиғма конструкциядан ясалган савдо дўкони қуришга рухсат берилган.
Вилоят Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси мутахассислари томонидан айни жойда қонунга зид равишда 2 қаватли, ертўлали мураккаб қурилиш ишлари амалга оширилаётгани, шунингдек, чегарадош 0.06 гектар қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган туман ҳокимлиги захирасидаги ер эгаллаб олинганлиги аниқланган.
Кадастр агентлиги вилоят бошқармаси фуқаро К.А. ва бошқалар томонидан қурилган 2 қаватли 200 квадрат/метр ўлчамдаги қурилиш биносини буздириш ҳамда ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган 0,06 гектар ер майдонини туман ҳокимлиги захирасига қайтариш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқаришни сўраган.
Суд томонидан даъво аризаси қаноатлантирилган. Хусусан, қарорда қайд қилинган бино қарздор томонидан бузилиши ва ер майдони туман ҳокимлиги захирасига қайтарилиши белгиланган.
“Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуннинг 21-моддасига асосан ижро иши қўзғатилган ва 15 кунлик ихтиёрий муддат белгиланган.
Қарздор томонидан белгиланган ихтиёрий муддат ичида суд қарори ижроси таъминланмаганиги сабабли барча мол-мулкларига тақиқ қўйилган.
Давлат ижрочиси томонидан олиб борилган мажбурий ижро ҳаракатлари давомида қарздор К.А. ва бошқаларга нисбатан юклатилган вазифани бажармаганлиги сабабли ва узрсиз сабабларга кўра суд қарорини бажаришдан бўйин товлаганлиги учун тегишли тартибда мамурий жарима қўлланилган.
Натижада барча тўловлар амалга оширилган ва суд ҳужжати ижроси амалда тамомланиб, ноқонунинй қурилма бузилиб, ҳудуд тартибга келтирилган.