Сохта прокурор ўринбосари қўлга тушди

Эътибор беряпсизми, кейинги пайтда фирибгарлик жинояти, унинг турлари кўпайиб бормоқда. Интернет, телефон орқали алданаётганлар ёки айрим хожатбарорларнинг ёрдамидан умидвор бўлганлар чув тушиб қолаётганини ҳам кунда, кунора эшитиб турибмиз.
Паст Дарғом туманида ана шундай фирибгарлардан бири, тайинли иш жойи бўлмаган киши “туман прокурорининг ўринбосари” бўлиб, одамларни алдаб юргани маълум бўлди.
Вилоят прокуратурасига фуқаро Озод Парпиев (исм-фамилиялар шартли) ариза билан мурожаат қилиб, ўзини Паст Дарғом тумани прокурорининг ўринбосари деб таништирган Бўрибой Боқиев мансабдор танишлари орқали уни ички ишлар вазирлиги пост-патруль хизматига ишга киритиб қўйиш эвазига 7000 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни талаб қилиб келаётганлигини билдириб, ушбу ҳолат юзасидан қонуний чора кўришни сўраган.
Мазкур мурожаат юзасидан вилоят прокуратураси шахсий хавфсизлик ходимлари, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилояти бошқармаси ҳамда ИИВ ШХББ Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилди.
Паст Дарғом тумани Найман маҳалласидаги ошхона автотураргоҳида ўтказилган тезкор тадбирда сохта “прокурор ўринбосари” Бўрибой Боқиев ариза муаллифидан 2500 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Мазкур ҳолат юзасидан Б.Боқиевга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда