Паст Дарғомда фавқулодда ҳолатларга тайёргарлик қай даражада?
“Жума элеватор” АЖ тегирмон бўлимида шартли ёнғин чиқди. Чақирув хабаридан бироз ўтиб етиб келган туман фавқулодда вазиятлар бўлими, ёнғин ўчириш экипажлари мутахассислари ва тегишли ташкилотлар ёнғинни бартараф этишди ва бундай ҳолатда қандай чоралар кўриш лозимлигини кўрсатиб берди.
Шартли ёнғин тумандаги қурилиш комплекси ташкилотлари томонидан фавқулодда ҳолатларга тайёргарлик кўришга бағишлангна тадбирлари доирасида ташкиллаштирилди.
- Бундай ҳолатда биринчи навбатда ишчи-ходимларнинг қўшимча кучлар – туман фавқулодда вазиятлар бўлими ёнғин ўчириш экипажлари ва бошқа масъул ташкилот мутахассислари келиб хизмат вазифасига киришгунча бажарадиган ишлар кўрсатиб ўтилди, - дейди туман ФВБ бошлиғи, подполковник Исоқжон Абдуллаев. – Уларга ёнғиндан хабардор бўлганда ўт тарқалиб кетишининг олдини олиш учун ишлаб турган ускуналарни ўчириш, электр энергияси ва газни тармоқдан узиш бўйича қўлланмалар тушунтирилди. Агарда тутундан заҳарланган, куйган ёки шикастланган ходимлар бўлса тез тиббий ёрдам ходимлари келгунча биринчи ёрдам кўрсатиш жараёнлри кўрсатилди.
Шундан сўнг экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши туман инспекцияси томонидан корхоналарда атмосферага ташламаларни камайтириш ва уларни тартибга солиш борасидаги ишлар кўрсатиб ўтилди. Ҳозирги кунда туманда 1-тоифадаги корхоналар сони 14 тани ташкил этади ва уларда атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи стационар манбаларда самарадорлиги 99,5 фоиздан паст бўлмаган қурилмалар ўрнатилишини таъминлаш белгиланган. Мутахассислар томонидан атмосферага чанг-газлари ташланишини олдини олишдаги юмушлари тушунтирилди.