Паст Дарғомда “Ибрат” намойиш этилди

Паст Дарғом туманидаги 65-умумий ўрта таълим мактабида ташкил этилган “Янги Ўзбекистон – янгича дунёқараш” шиори остидаги тарғибот тадбири давлатимиз байроғи қабул қилинган кунга бағишланган кинолар намойиши билан давом этди.

- Тарғибот тадбирлари давомида “Шарқ юлдузи” кинотеатри ҳамкорлигида кинофильмлар ҳам намойиш этяпмиз, - дейди “Республика кинопрокат маркази” вилоят бўлими раҳбари Фармон Розиқов. – Юртимиз байроғи қабул қилинган сана муносабати билан ташкил этилган тадбирда иштирокчилар “Ибрат” ҳамда “Бир юз бир” номли  бадиий фильмларни катта экранда томоша қилиш имконига эга бўлди. Айниқса, бу намойиш ёши катта кишиларга завқ улашди. Улар катта экранларда кино кўришни соғинганлигини айтишди.

Тадбирлар туманнинг Шомбулоқ маҳалласида давом этди. “Юрт байроғи – ғурурим, ифтихорим” мавзусидаги маданий кечада таниқли, истеъдодли ижодкорлар Одил Икром ва Ойдиннисо, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Нодира Сапарова иштирок этди.

Тўлқин СИДДИҚОВ.