Пахтачилик аёл ароқхўр эрини уриб ўлдирди

Пахтачилик Улманой Ўроқова турмуш ўртоғи Элмурод Ўроқов (марҳум) билан тақдирини боғлаганда унинг хонадонида бир аёл киши орзу қилган бахтни кўраман, бир аёлдан кутган меҳрни бераман, дея орзу қилганди. Минг афсус, эрининг субутсизлиги, ароқнинг касофати барчасини чилпарчин қилди.

Улар турмуш қурганидан бир йил ўтгач, Элмурод кўп ичадиган одат чиқарди. Бу ҳам етмагандай ичиб келганида турли баҳоналар билан уйида жанжал чиқариб, хотинини дўппосларди.

Орадан уч йил ўтиб Э.Ўроқов ёз ойларининг бирида Наманган вилоятига ишлашга кетди. Кўп ўтмай рўзғорини тебратиш учун оила бошлиғидан пул кутиб турган хотин эрининг ким биландир уришиб уни ўлдириб қўйганлиги учун қамалганлиги ҳақида хат олди.

Э.Ўроқов жазо муддатини ўтаб, уйга қайтгач хотини эрининг ёмон одатларини ташлаб яхшилик томон ўзгарганига умид қилди. Аммо у тузалиш йўлига ўтмаганди. Элмурод уйга келганидан сўнг яна ичкиликбозликни давом эттирди. Маст ҳолатда бировнинг машинасини олиб қочиб қамалди.

Бу гал озодликка чиққанида ҳам у хатоларидан тўғри хулоса чиқармади. Ҳар куни ичиб келиб хотин бола-чақасини уриш одатини ташламади.

Бундай азоб-уқубатларга чидай олмаган Улманой бир куни ИИБ ходимларига мурожаат қилди. Улар келганида Элмурод ўзини ухлаганга солиб ётарди. ИИБ ходимлари кетганидан сўнг эри “Сен ҳали мелиса чақирадиган бўлдингми?”, деб Улманойни баттар дўппослади. Шундан сўнг аёл ИИБ ходимларига қайта мурожаат қилмади. Аёл эрини ташлаб отасиникига кетмоқчи ҳам бўлди, аммо эрининг бир кун тузалишига умид қилиб, қолаверса, фарзандлари тирик етим бўлиб қолмаслиги, оиласини сақлаб қолиш учун барча азоб-уқубатларга чидаб келди.

Аммо Элмуроднинг сўнгги ҳаракати Улманойни эрининг қотилига айланишига сабаб бўлди. Қиш кунларининг бири Улманой шифохонага бориб, ойлик маошини олиб уйига қайтди. Бу пайтда эри бир-иккита улфатлари билан ичиб ўтирарди. Улфатлари кетгач Элмурод хотинига дўкондан ароқ олиб келишни буюрди. Улманой ароқ олиб келса, эри яна баттарроқ жанжал қилиши мумкинлигини ўйлаб, ароқ сотиб олмасдан кўчада бироз айланиб юрди. Аммо тезроқ бормаса фарзандларининг азоблашини ўйлаган аёл бир шиша ароқ олиб уйига борди. Уйига келса эри ичиб ўтирган эди. Элмурод эшикдан кирган хотинини кўриб, уни ҳақоратлай бошлади. Эрининг разил қилиқлари ҳалқумига келган Улманой жаҳл устида ароқ шишаси билан эрининг бошига урди. Элмурод шиша зарбидан ҳушини йўқотади. Улманой эрининг ҳозир мастлиги, ҳушига келса уришидан қўрқиб, совуқда ташқарига чиқариб қўяди.

Оқибатни қаранг, бир оила парчаланиб,  уч бола уйда отасиз қолди.

И.Ҳамидов,

жиноят ишлари бўйича вилоят суди судьяси.