“Пайариқ кластер” МЧЖнинг  нотурар бинолари нега хатланди?

Мамлакатимизда тадбиркорларга барча шароитлар яратилиб, фаолиятини йўлга қўйиб олишлари учун имтиёзлар берилган. Солиқлар – иқтисодиётнинг қон томири. Барча амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларида тадбиркорлар томонидан мамлакат ғазнасига тўланаётган солиқларнинг  ўрни катта.

Аммо турли сабаблар билан солиқларни ўз вақтида тўламаган тадбиркорларнинг қарздорлиги йиғилиб, каттагина маблағни ҳосил қилмоқда.
Самарқанд вилояти солиқ бошқармаси томонидан МИБ вилоят бошқармаси билан ҳамкорликда солиқ қарздорлиги юқори бўлган тадбиркорлик субъектларида хатлов тадбирлари олиб борилмоқда.
Жорий йил 16 июнь куни ўтказилган хатлов тадбирларида қарздорлиги катта бўлган субъектнинг транспорт воситалари, бино-иншоотлари ва бошқа мол-мулклари хатловга олинди.

Хусусан, Самарқанд шаҳрида жойлашган "Меъмор" МЧЖнинг 812 миллион сўм солиқ қарзи учун МИБ ходимлари билан ҳамкорликда "HAWO" русумли юк машинаси хатланиб, жарима майдончасига жойлаштирилди. Самарқанд шаҳрида жойлашган “Духоба” МЧЖнинг 350 миллион сўм, Пайариқ туманида фаолият юритаётган “Пайариқ кластер” МЧЖнинг 100 миллион сўм солиқ қарздорликлари бўйича МИБ билан ҳамкорликда нотурар бинолари хатланди.