Пайариқ ва Жомбой туманида учта маҳалла янги биноларга эга бўлди

Пайариқ туманидаги Кўпаки, Дўстлик ҳамда Жомбой туманидаги Нўш  маҳаллаларининг янги бинолари фойдаланишга топширилди.

Таъкидлаш ўринлики, Кўпаки ва Дўстлик маҳаллалари биноси ушбу ҳудудда яшовчи тадбиркор ва фаол фуқаролар кўмагида, ҳашар йўли билан барпо қилинди.

Жомбой туманидаги Нўш маҳалласи биноси эса Опен бюджет лойиҳаси маблағи ҳисобига қурилди. Маҳалла аҳли лойиҳанинг биринчи мавсумида иштирок этиб, 1 миллиард 500 миллион сўм маблағ қўлга киритган эди. Натижада ушбу маблағ ҳисобидан ҳудудда “Нуронийлар чойхонаси”, “Ёшлар гузари” ҳамда маҳалла биноси бунёд этилди.

Янги объектларнинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси вилоят бошқармаси бошлиғи И.Жабборов, туман ҳокимлари Ш.Худойбердиев, Хуршид Назаров ҳамда маҳалла фаоллари, нуронийлар ва ёшлар иштирок этди.

Тадбир давомида қурилиш жараёнида фаол иштирок этиб, фидойилик кўрсатган юртдошларимизга миннатдорлик билдирилди. Шунингдек, мазкур иншоотларда аҳоли, нуронийлар ҳамда маҳалла “еттилиги” вакиллари учун барча зарур шарт-шароитлар яратилгани алоҳида таъкидланди.