Пайариқда ўқувчилар ўртасида келиб чиққан низо туфайли айрим ўқитувчиларга "ҳайфсан" берилди

Ижтимоий тармоқларда тарқалган ўқувчи қизнинг “самосуд” қилингани акс этган видеога вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси муносабат билдирди.

Қайд этилишича, видеодаги ҳолат 8 май куни Пайариқ туманидаги 58-умумий ўрта таълим мактабида содир бўлган. Мактабнинг 11 “Б”-синф ўқувчилари Р.Н. ва Ф.Д. соат 09:55 да, танаффус вақтида ўзаро тортишиб, Р.Н. дугонаси Д.Ф.ни турли хил сўзлар билан ҳақоратлаган ва урган.
Ҳолат туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими масъул ходимларидан иборат ишчи гуруҳи томонидан ўрганилган.

Олиб борилган ўрганишларга кўра, ўқувчиларни дарс машғулотларида назоратсиз қолдиргани, ўз лавозим мажбуриятларини тўлиқ бажармасдан сусткашликка ва масъулиятсизликка йўл қўйганликлари учун 58-умумий ўрта таълим мактабининг физика фани ўқитувчиси М.А.га, 11“Б”-синф раҳбари Н.Ғ., директорнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Х.А. ва мактаб психологи Н.А.га нисбатан Меҳнат кодексининг тегишли моддасига асосан “ҳайфсан” интизомий жазо чораси қўлланилган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Пайариқ тумани ИИБ томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.