Пайариқлик қиз оёқда чизган расмлари билан Республика танловида ғолиб бўлди

Зуҳра Усмонова 1999 йилда Пайариқ тумани Бирлашув маҳалласи, Қийра қишлоғида туғилган. У болалигидан расм чизишга меҳр қўйган. Тасвирий санъатга бўлган қизиқиши туфайли кўплаб танловларда иштирок этди ва муносиб ўринларни эгаллади.
Шу йил у Самарканд давлат университетининг санъатшунослик факультетига ўқишга қабул қилинди.
- Зуҳрадаги истеъдодни, жамиятда ўз ўрнини топишга бўлган интилишни кўриб ҳавасим келади, - дейди факультет декани Жаводбек Козимов. - Унинг оёқларида расм чизаётганини кўриб, матонатига қойил қолдим. Ҳар бир инсон истаса, кўп нарсага эришиши мумкин. Зуҳрахон бизнинг факультетимизнинг фахри. Насиб этса у яхши ижодкор бўлиб етишади.
Яқинда олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ўтказилган «Ёшлар - Ватан хизматида ростгўйлик ва қонунларни ҳурмат қилиш тарафдори» мавзусидаги ижодий ишлар танловининг вилоят босқичида Зуҳра Усмонова ҳам иштирок этиб, ғолибликни қўлга қиритган эди. Мазкур танловнинг республика босқичида унинг ижодий ишлари 3-ўринга лойиқ, деб топилди.
- Ўтаётган 2019 йил ҳаётимда ўчмас из қолдирмоқда, - дейди З.Усмонова. - Ўзим қизиққан соҳа бўйича олий ўқув юрти талабаси бўлиш, қолаверса, нуфузли танловда муваффақият қозониш бахтига муяссар бўлдим. Бу ютуқларим менга янаям шижоят бағишлади. Келгусида устозларимнинг ишончини оқлашга ҳаракат қиламан.
Маҳмуджон АШУРОВ.