Пайшанбада янги йилдан янги музей иш бошлайди

Каттақўрғон туманининг Пайшанба шаҳарчасида Муҳаммад Амири Нақиббек мадрасаси биноси узоқ йиллардан бери қаровсиз ҳолда эди. 1791 йилда бунёд этилган бу тарихий обида 1928 йилгача мадраса сифатида фаолият кўрсатиб келган. Кейинчалик омборхонага айлантирилиб, 100 йилга яқин эътибордан четда қолган бинони зах босди, деворлари емирила бошлади.

Туманда яшовчи бир гуруҳ зиёлилар, меҳнат фахрийларининг кейинги йилларда мамлакатимизда туризм соҳасини ривожлантиришга қаратилаётган эътибордан руҳланиб, мадраса биносини маънавият ва маърифат марказига айлантириш ташаббуси билан чиқди. Бу таклиф вилоят ҳокимлиги томонидан маъқулланди. Мадраса негизида тарихий ўлкашунослик музейи ташкил этиш бўйича қарор қабул қилинди. Маҳаллий бюджет ҳисобидан 500 миллион сўм миқдорида маблағ ажратилди.

2019 йилда бошланган мазкур хайрли иш айни дамда авжига чиққан.

Мадраса ҳовлисига пештоқли дарвозадан кириб борилади. Ҳовлида баланд айвон, масжид ва 16 та хона мавжуд. Мажмуада 2 йил давомида таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Бу ерга зарур мебель жиҳозлари ва тарихий ашёлар келтирилди. Мазкур қадимий қадамжо тарих ва замонавийлик уйғунлигида безатилмоқда. Музей 2021 йил охирида янги йил байрами арафасида фойдаланишга топширилади.

Илҳом Файзиев,

маданият ва маърифат аълочиси.