Пилолда газ можароси ёхуд муаммога масъулиятсизлик билан қараётган туман газ таъминоти идорасининг бепарво ходимлари хусусида

Таҳририятимизга ўтган йилнинг декабрь ойида Оқдарё туманидаги Ойтамғали маҳалласи Пилол қишлоғида истиқомат қилувчи Ж.Мажидов шикоят хати йўллаб, айрим хонадонларга ўрнатилган газ сўрғичлар туфайли аҳоли уйлари табиий газ билан иситилмаётгани, ноқонуний ўрнатилган сўрғичларни тартибга олиш билан ҳеч ким шуғулланмаётгани ҳақида мурожаат қилганди.

Шикоят хатида тумангаз идораси мутасаддилари айби билан аҳолидан йиғилган пулларни давлат хазинасига топширмаслик, тармоққа ўзбошимчалик билан уланиб олиш, маълум миқдордаги «чойчақа» эвазига ўша қишлоққа газни кўпайтириб берилаётгани, шунингдек, газ қувурларига газ ўтишни камайтириб берадиган «тиқин» қўйилаётгани таъкидлаб ўтилган. 

Тумандаги 5-туманлараро газ таъминоти участкаси ходимларининг лоқайдлиги туфайли кўп жойларда газ қувурлари тешилиб, газ чиқиб ётибди. Қишлоқ мактаби ёнидан ўтган газ қувури чиригани ҳақида хабар берилганига қарамай тумангаз идораси бирор чора кўрмагач, аҳоли пул йиғиб ўзлари таъмирлашга мажбур бўлишди. Шунингдек, айрим фуқаролар газ сўрғичлар ўрнатиб олишган. Баъзилари эса тўғридан-тўғри юқори босимли газ қувурига уланиб олган, дейилади мурожаатда.

Жумладан, бир фуқаро газ қувури устига савдо дўкони қуриб олган. Айнан ўша қувурда табиий газни камайтириб берувчи “тиқин” ўрнатилган. Шу сабаб ўн йилдан бери қишлоғимиз хонадонлари табиий газга ёлчимай келади. Президент виртуал қабулхонасига қилинган мурожаатдан кейингина тумангаз ходимлари муаммони ҳал этиб беришди. Афсуски, ўша куни барибир хонадонларда газ ёнмади. Суриштирсак, тумангаз идораси масъуллари қишлоғимизга келадиган газ қувурдан Янгиқўрғон маҳалласига газ улаб бериши оқибатида босими баттар камайиб кетди. Камига қишлоқ мактаби бинолари ҳам газ сўрғичлари ёрдамида иситилмоқда. Бу ҳолат Пилол қишлоғи аҳолисида ташвиш ва хавотир уйғотмоқда.

Ж.Мажидов,

журналист, меҳнат фахрийси.

***

P/S. Ушбу мурожаат таҳририятимизга келиб тушгач, масалага ойдинлик киритиш учун “Ҳудудгаз Самарқанд” газ таъминоти филиали мутасаддиларига  эътиборига ҳавола қилинган эди. Масала корхона мутахассислари томонидан мурожаатчи иштирокида жойида ўрганилиб, тумангаз идораси мутахассислари томонидан йўл-қўйилган хато ва камчиликлар бартараф этилгани хабар қилинди. Ж.Мажидовнинг хонадонига уланган табиий газ тармоқлари тозаланиб, газ ўтказиш даражаси оширилган. Шунингдек, Пилол ва Чим қишлоқларини табиий газ билан таъминловчи тармоққа ўрнатилган яширин “тиқин”лар олиб ташланадиган бўлди. Ўрганиш натижалари бўйича мурожаатчидан ҳам билдириш хати олинган.