Пойтахтдаги Тақсимлаш маркази беморларни қабул қилишга тайёр ҳолатга келтирилди (фото)

Бугун Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев «Ўзэкспомарказ»даги Тақсимлаш марказига бориб, бу ердаги шароитлар ва мазкур масканнинг беморларни қабул қилишга қанчалик тайёрлигини кўздан кечирди. Бу ҳақда ҳокимлик матбуот хизмати хабар бермоқда.

Марказ билан танишиш жараёнида бу ерга келувчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш, уларни тақсимлаш ва жойлаштириш учун яратилган шароитларга эътибор қаратди.
Таъкидлаш жоиз, COVID-19 касаллигига гумон қилинганларга аниқ ташхис қўйиш ва зарур биринчи ёрдамни кўрсатиш мақсадида ташкил этилаётган мазкур марказ беморларни қабул қилишга деярли тайёр.

Бу ерда вирус борлигига гумонланган шахслар вақтинча сақланиб, уларга биринчи тез ёрдам кўрсатилади ва ташхис қўйилганидан кейин саломатлигининг ҳолатига кўра, шаҳримиздаги даволаш-профилактика муассасаларига йўналтирилади.
Зарурат юзага келганда, бу ердан шифохона сифатида фойдаланиш учун ҳам керакли шароитлар яратилган. Бунинг учун марказ талаб этилган тиббий жиҳозлар ва ускуналар билан таъминланган.