Пойтахтдаги тарих ва замонавийлик уйғунлиги нуронийларни ҳайратга солди

Ургут туманида яшовчи бир гуруҳ фаол нуронийларнинг Тошкент шаҳрига икки кунлик маърифий саёҳати ташкил этилди.

Олтмиш нафардан зиёд отахону онахонларнинг ушбу саёҳати юртимизда инсон қадрини улуғлаш, нуронийларга эҳтиром ва эътиборнинг яна бир амалий ифодаси бўлди.

Саёҳат муқаддас Зангиота зиёратгоҳидан бошланди. Азиз-авлиёлар қадамжосида қилинган дуолар, адо этилган ибодатлар иштирокчиларнинг қалбига файз бағишлади. Занги ота ва Анбар отин мақбараларини зиёрат қилган нуронийлар бугунги тинч ва осойишта ҳаётимиз, юртимиз равнақи ва халқимиз фаровонлиги учун дуо қилдилар.

Шундан сўнг саёҳатчилар пойтахтнинг диққатга сазовор масканлари — «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуаси ҳамда Оқсарой мажмуаси билан танишдилар. Мустақиллик йилларида Тошкентнинг мутлақо янги қиёфа касб этгани ҳар бир иштирокчини ҳайратга солди.

Саёҳатнинг энг унутилмас манзили Ҳазрати Имом мажмуаси ҳудудида қад ростлаган Ислом цивилизацияси маркази бўлди.

Миллий меъморчилик анъаналари ва замонавий архитектура уйғунлигида бунёд этилган муҳташам иншоот нафақат ўзининг салобати, балки мазмун-моҳияти билан ҳам барчани мафтун этди. Гидлар ҳамроҳлигида марказ экспозициялари билан танишган нуронийлар ноёб қўлёзмалар, қадимий осори-атиқалар, ҳужжатли фильмлар ва фотокўргазмалар орқали халқимизнинг кўп минг йиллик маънавий ва маданий тараққиёти ҳақида янада бой тасаввурга эга бўлдилар.

— Ислом цивилизацияси марказидан бир олам таассурот билан қайтдим, — дейди нуроний Хўжамқул Зокиров. — Бу ердаги ҳар бир экспонат, ҳар бир қўлёзма, тарихий ҳужжат аждодларимизнинг нақадар юксак илм-маърифат соҳиблари бўлганини намоён этади. Бу бой меросни кўриш инсоннинг ўзлиги ва миллат тарихи ҳақидаги тасаввурини янада бойитади.

Меҳнат фахрийси, гуруҳ раҳбари Шуҳрат Аҳмедов ҳам саёҳатдан олган таассуротлари билан ўртоқлашди:

— Мен талабалик йилларимда Тошкентда ўқиганман. Бугунги пойтахтимизни кўриб, уни таниб бўлмайди. Замонавий бинолар, гўзал хиёбонлар, обод масканлар Янги Ўзбекистоннинг улкан бунёдкорлик салоҳиятини намоён этади. Айниқса, Ислом цивилизацияси маркази юртимизнинг маънавий юксалиш рамзи сифатида ҳар бир ватандошимиз фахрланадиган масканга айланган.

– Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида Ургут туман ҳокимлиги ҳамда «Нуроний» жамғармаси туман бўлинмаси ташаббуси билан ташкил этилган ушбу саёҳат иштирокчилар учун унутилмас таассуротларга бой бўлди, – дейди «Нуроний» жамғармаси Ургут туман бўлинмаси раиси Қуддус Асқаров. - Улар нафақат пойтахтимизнинг бугунги тараққиётини ўз кўзлари билан кўрдилар, балки халқимизнинг буюк тарихи, бой маданияти ва юксак маънавий мероси билан яна бир бор фахрланиш бахтига муяссар бўлдилар.

Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар инсон қадрини улуғлаш, миллий ўзликни англаш, тарихий хотирани тиклаш ва маънавиятни юксалтиришга хизмат қилмоқда. Бу йўлда нуронийлар ҳаётий тажрибаси ва маънавий мероси ёш авлод учун ибрат мактаби бўлиб қолаверади.

Матлаб ҲАСАНОВ,

I даражали меҳнат фахрийси.