Президент қарори: Прокуратура ва ИИВ тизимида ер ресурслари талон-тарож қилинишига қарши курашиш бўлимлари ташкил этилмоқда

Бош прокуратура таркибида 8 та штат бирлигидан иборат бўлган Ер ресурслари талон-торож қилинишининг олдини олиш бошқармаси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокуратураларида эса умумий сони 56 та штат бирлигидан иборат бўлган Ер ресурслари талон-торож қилинишининг олдини олиш бўлимлари ташкил этилади.

Янги ташкил этилаётган бошқарма ва бўлимлар прокуратура органларининг 32 та, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимининг 15 та, Сув хўжалиги вазирлиги тизимининг 7 та, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг 10 та штат бирликларини мақбуллаштириш ҳисобидан шакллантирилади.

Ички ишлар вазирлиги Тезкор-қидирув департаменти таркибида ер ресурслари талон-торож қилинишига қарши курашиш бўлими, ҳудудий тезкор-қидирув хизматларида эса ер ресурслари талон-торож қилинишига қарши курашиш бўлинмалари ташкил этилади.

Янги ташкил этилаётган тузилмалар 73 та штат бирлигидан иборат бўлиб, улар ички ишлар органларининг 30 та, адлия органлари ва муассасаларининг 43 та штат бирликларини мақбуллаштириш ҳисобидан шакллантирилади.