«Прикол» эмиш...

Ўтган асрнинг 90-йилларида кишиларни ҳайратлантирган симсиз сўзлашиш бугунги кунда оддий эҳтиёжга, турмуш тарзимизнинг ажралмас бир қисмига айланди ва ҳеч кимни ажаблантирмай қўйди. Уяли телефон кириб бормаган хонадон қолмади. Алоқа хизматининг бу тури урфга айланганини ҳатто, мактаб ўқувчиси ҳам бундай имкониятдан фойдаланаётганида кўриш мумкин ва бу табиий жараён. Аммо гап бу хусусида эмас.

20-30 йил илгари олиб юришга ноқулай, йирик ва кўримсиз телефон аппаратларидан фойдаланилар эди. Йил сайин уларнинг дизайн ва вазифаси жиҳатидан мукаммал авлодлари яратилмоқда. Дастлабки авлодга мансуб уяли телефон аппаратлари ягона мақсад – фақатгина сўзлашув учун хизмат қилган бўлса, замонавийлари асосий вазифасидан ташқари, диктофон, радио, фото ва видеокамера вазифасини ҳам ўтамоқда. Улар воситасида матн, сурат, видеолавҳа, мусиқа ёзиш, тайёрлаш, сақлаш, кўчириш, жўнатиш ва кўпайтириш сингари кўплаб қўшимча имкониятлар вужудга келди.

Яқинда автобусда бир ёш йигит билан ҳамроҳ бўлиб қолдим. У телефонда эл суйган ҳофиз ижросидаги қўшиқни тинглаб кетарди. Беихтиёр телефон аппарати экранига кўз ташладим. Не кўз билан кўрайки, машҳур ҳофиз ўрнига... гитара тутган сариқ мушук бошини оҳангга мос тебратарди. Кулишни ҳам, куйишни ҳам билмай ҳайрон тургандим, ҳамроҳим ўзича изоҳ берди: «Бу бир прикол-да, ака!».

Афсуски, бундай бачкана, шахсни таҳқирловчи, ҳамроҳим айтмоқчи «прикол» клиплар ҳолва экан. Айрим телефон эгалари аппаратларига беҳаё сурат ва видео­лавҳаларни бемалол ёзиб олиб, ўзларининг замондан орқада эмасликларини кўз-кўз қилишга уринаётгани хатарли ҳолдир.

Ўтган йили бир гуруҳ йигитларнинг тенгдошини хўрлагани акс этган видеоролик тарқалганди. Бу жирканч манзара айнан уяли телефон аппарати камераси ёрдамида суратга олинган эди. Албатта, жиноятни содир этган шахслар топилиб, қилмишига яраша жазосини олди. Хўш, жиноят ва шафқатсизлик тасвирланган бундай видеороликларни тарғиб этишдан кўзланган мақсад нима? Саволлар кўп-у уларга жавоб топиш муҳимроқ.

Ёш авлоднинг онгига ёт, бузуқ ғояларни тиқиштириш, турли бўлмағур фикрлар билан уларни заҳарлаш ўнглаб бўлмас оқибатларга олиб келиши мумкин. Бу хусусда биринчи галда, ота-оналар, ёшларимиз таълим-тарбия­сига масъул устоз-мураббийлар, виждони уйғоқ, юрт тақдирига бефарқ бўлмаган ҳар бир онгли фуқаро қайғуриши, жон койитиши зарур.

Абдуазиз ҲОШИМОВ.