​Пул ўтказмалари: Йиллик ҳисобда ўсмоқда, ойлик ҳисобда камаймоқда

2024 йилнинг январь-октябрь ойлари давомида Ўзбекистонга келиб тушган пул ўтказмалари 12,6 млрд. долларни ташкил қилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 34 фоизга кўпайган, деб ёзмоқда bakiroo.

Лекин июлдаги максимумдан кейин пул ўтказмалари ҳажми ойма-ой камайишни бошлаган. Россия ва Қозоғистон валюталари курси пасайиши тезлашгани ҳисобга олинса, ноябрда ҳам камайиш давом этган бўлиши мумкин.

Ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари ўзлаштираётган юқори даромадли бозорлардан ўтказмалар юқори ўсаётгани эътиборли. Трансчегаравий пул

ўтказмалари ҳажмида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан АҚШдан 37 фоизга, Жанубий Кореядан 71 фоизга, Буюк Британиядан 76 фоизга ҳамда Европа Иттифоқи мамлакатларидан 41 фоизга ўсиш кузатилган.

2024 йил бошидан ишлаш истагида бўлган 113 минг нафардан зиёд фуқаролар, асосан, ривожланган мамлакатларга расмий, хавфсиз ҳамда уюшган ҳолда ишга юборилган, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3,6 баробарга ошган.

Пул ўтказмаларини Р2Р ёки SWIFT орқали юбориш тобора оммалашмоқда.

Ўзбекистондан чет элга юборилган пул ўтказмалари ҳажми 2,3 млрд. долларни ташкил қилган (ўтган йилнинг тегишли даври маълумотлари келтирилмаган).