Қадринг баланд бўлсин, она тилим

Ўзбек тили дунёдаги қадимий, гўзал ва бой тиллардан бири ҳисобланади. Тилнинг беқиёс имкониятларини қадимги тошбитикларда, халқимизнинг замонлар синовидан ўтиб келаётган мақол ва иборалари, достонларида, шоир ва ёзувчиларимиз асарларида яққол кўриш мумкин. Маҳмуд Қошғарийнинг «Девону луғотит турк» китоби, Аҳмад Яссавийнинг ҳикматлари, Алишер Навоийнинг «Хамса»си, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг «Бобурнома»си, Машраб, Огаҳий, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Матназар Абдулҳаким, Муҳаммад Юсуфнинг асарлари она тилимизда ёзилган бебаҳо дурдоналардир.

Ўзбекистон Конституциясида давлат тилининг мақоми мустаҳкамлаб қўйилган. «Давлат тили тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилиниши она тилимизнинг ривожланиши учун кенг имконият яратди. Шу тариқа ўзбек тили мамлакатимизнинг байроғи, герби, мадҳияси қаторида турадиган, қонун билан ҳимоя қилинадиган ватан тимсолларидан бирига айланди.

Шу ўринда қайд этиш лозимки, бугун суд идораларида ўзаро ҳужжат алмашинув тизими, иш юритиш тўлиқ ўзбек тилида амалга оширилади.

Аммо бугун айрим ҳамюртларимизнинг саводхонлик масаласига эътиборсизлик қилаётгани дилни хира қилади. Ташкилот ва муассасалар чиқараётган хат-хабарлардаги имло хатолари уларни қизиқтирмайди гўё. Яқинда бир ташкилот маълумоти берди. Тўғриси, бир энлик маълумотда шунча хато қилиш учун Ғафур Ғуломнинг таъбири билан айтганда, дарсхонада эмас, ҳирсхонада таълим олган бўлиш керак.

Бир энлик хатдаги хатолар кўриб ўйланиб қолдим: бу эътиборсизликми ё саводсизлик?

Ахир давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, “Дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилигимиз тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, буюк қадриятдир”.

Қолаверса, «Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур», — деган эди миллат равнақи йўлида жон куйдирган бобомиз Абдулла Авлоний. Шу маънода бугунги кунда тилимиз ривожланиши учун кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, яқинда «Қадринг баланд бўлсин, она тилим» номли республика танлови ўтказилди. Танлов агар жиддий эътиор қилинса, ўз она тилини билганга мукофот эди.

Айтмоқчи бўлганим, халқимизда «Ўйнаб гапирсанг ҳам, ўйлаб гапир» деган нақл борки, бу сўзга нисбатан ҳурмат-эътиборни ифодалайди. Шундай экан, ёзаётган сўзимизни, айтаётган гапимизни тўғри ифодалаш ҳар биримизнинг бурчимиз. Зеро, келажак авлод нотўғри ёзишмаларимиздан, асоссиз сўзларимиздан “ибрат” олмаслиги учун бугундан тўғри ёзиш ва гапиришни ўрганайлик. Ахир Алишер Навоий бобомиз бежиз “Тилга ихтиёрсиз – элга эътиборсиз” демаган.

Фурқат АНАРОВ,

фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро суди судьяси.