Қалам ва тақдир синовларида тобланган адиб
Ўктамжонни ўн икки-ўн уч ёшларидан буён танийман. Ўша пайтларда у мактабнинг еттинчи синфида ўқирди. Ўзининг кичик-кичик хабар ва мақолаларини олиб, таҳририятга тез-тез келиб турарди.
Мен “Пахтакор овози” (ҳозирги “Навқирон Нарпай”) газетасининг маданият бўлимида ишлардим. Кейинчалик у шеърлар ҳам машқ қила бошлади. Орадан кўп ўтмай негадир у таҳририятга келмай қўйди. Аниқроғи, ёзмай қўйди. Ўшанда газетага обуна баҳонасида у ўқийдиган мактабга бордим. Пировардида, кичик жамоатчи мухбиримиз бўлиб қолган Ўктамжонни ҳам суриштирдим. Мактаб директори Раҳмон Обилов у ҳақда жуда илиқ гапларни айтди. Унинг аъло баҳоларга ўқиши, жамоат ишларида фаоллиги, ҳатто, маърифат маскани деворий газетасини ҳам чиройли ва сермазмун қилиб чиқариб келаётганлигини алоҳида тилга олди. Айниқса, унинг яқинда “Муштум” журналида босилиб чиққан “Зирабулоқ” темир йўл станцияси вокзалидаги аянчли аҳвол ҳақидаги танқидий мақоласи анча шов-шувга сабаб бўлганлигини, ўша мақоладан сўнг вокзалдаги йўловчиларнинг поездга чиқиш жойидаги камчиликларга барҳам берилганлигини айтди.
Ўз навбатида мен Ўктамжон газетанинг фаол жамоатчи мухбири эканлигини, бироқ кейинги пайтларда газетага ёзмай қўйганлигини таъкидладим.
Мактаб директори уни идорага чақиртирди. Орадан кўп ўтмай у ийманибгина директор хонасига кириб келди.
Маълум бўлишича, мухбирлардан бири унинг газетага тақдим этган шеърларини танқид қилган экан. У бундан хафа бўлибди. Биз унга танқид келажакнинг меваси эканлигини, аксинча, ундан тўғри хулоса чиқариб, дадил олға интилиш орзуга етаклашини ётиғи билан тушунтирдик, тасалли бердик. Шунда унинг юз-кўзларида умид учқунлари пайдо бўлди.
Эртаси куни у мактаб ҳаётидан каттагина мақола ёзиб, таҳририятга олиб келди. Шундан сўнг Ўктамжон билан алоқамиз мустаҳкамланиб кетди. Айниқса, муҳарририятга яқиндан қатнаб ишлашимиз учун оиламиз билан улар яшайдиган маҳаллага кўчиб борганлигимиз қўл келди. Эндиликда у фақат муҳарририятга эмас, хонадонимизга ҳам тез-тез келиб, қайси мавзуларда кўпроқ мақолалар ёзиш кераклиги ҳақида маслаҳатлашарди. Ўзининг кичик-кичик шеър ва ҳикояларини ҳам олиб келадиган бўлди. Оиламизнинг яқин инсонларидан бирига айланди.
Юқори синфларда ўқиётганда унинг нафақат мактаб ҳаётидан, балки хўжалик, корхона ва ташкилотлар фаолиятидан ёзган мақола ва лавҳалари, танқидий материаллари, шунингдек, шеър ва ҳикоялари нафақат туман газетасида, балки вилоят ва республика газета-журналларида ҳам босилиб чиқа бошлади. Булар ўз навбатида ёш ижодкорнинг кўплаб китобларни ўқиши, тинимсиз изланиши, таниқли ўзбек ёзувчи ва шоирлари билан бир қаторда жаҳон адабиёти классикларининг ижод намуналари билан қизиқиши, улар асарларини чуқур мутолаа қилиши самараси эди, албатта.
Ўрта мактабни муваффақиятли битиргач, у Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг журналистика факультетига ҳужжат топшириб, талаба бўлди. Ўқиш, ўрганиш ва ижод оламига шўнғиб кетди. Бу борада унга қариндоши, шоир Отаёр ёрдам берди. Шу туфайли у бир қатор таниқли ижодкорлар, шу жумладан, шоир Миртемир билан яқин мулоқотда бўлиб, ундан қимматли маслаҳатлар олди.
Дорилфунунни битиргач, дастлаб “Тошкент оқшоми” газетасида, кейинчалик Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигида, “Гулистон” журналида, Ўзбекистон Журналистлар уюшмасида, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Ҳуррият” газеталарида, Ўзбекистон кинематография Давлат қўмитасида самарали фаолият кўрсатди. “Огоҳ кўнгил”, “Яхши кунлар қувончи”, “Тупроқ ҳиди”, “Амакимнинг касали”, “Сўз ишқи”, “Соғинч дафтари” сингари қатор китоблар ёзди.
Адабиётнинг катта йўлига тушиб олиб, ижоди гуркираётган бир пайтда оиланинг бошига оғир мусибат тушди. Автоҳалокат туфайли олий ўқув юртини имтиёзли тугаллаб, кўпчилик тенгдошларидан анча илгарилаб кетган ёлғиз қизи Умидахон ва ўғли Музаффаржон бевақт ҳаётдан кўз юмдилар. Ўктамжон ва турмуш ўртоғи Ўлмасхонлар ўша оғир кунларни, бу аянчли воқеани эслаганларида беихтиёр қалблари зирқираб, кўз ёшларини тиёлмай қоладилар. Начора! Тақдир зарбасига чидамай бўладими?! Бундай пайтда ўғли Маҳкамжон опаси ва укасининг ўрнини билдирмасликка ҳаракат қилади.
Ўктамжон айни пайтда “Гулистон” ва “Театр” журналлари бирлашган таҳририятида бош муҳаррир ўринбосари бўлиб фаолият кўрсатиш билан бирга Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида бўлажак журналистларга ижод сирларини ўргатаётир.
Унинг адабиётимиз, хусусан, ўзбек журналистикаси ривожидаги хизматлари муносиб тақдирланган. У журналистика соҳасидаги бир қатор кўрик-танловлар совриндори. “Меҳнат шуҳрати” ордени ва “Шуҳрат” медали билан мукофотланган.
“Шоирнинг кўнглидан учиб чиққан сўз ва оҳанглар баҳор қалдирғочлари сингари сизнинг ҳам қалбингизга қўниб ўтса, меҳрингизни уйғотса, ҳисларингизга қанот бағишласа, ижодкор учун бу катта бахтдир. Ўктам Мирзаёрнинг шундай бахтга доимо сазовор бўлиб юришини чин дилдан истайман”, деган эди Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов Ўктамжоннинг “Сўз ишқи” деб номланган китобига ёзган сўзбошисида.
Дарвоқе, мен ҳам унинг қалб тубидаги сўзларни тизиб, дастхат ёзиб берган ҳар бир китобини қўлимга олганимда ундаги сатрларга кўз югуртирар эканман, уни ёшлигида ижодга руҳлантирган устоз сифатида севинчдан бошим осмонга етгудай бўлади. Унинг ҳаётдан, адабиёт оламидан ўз ўрнини топганидан, у бугунги кунда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси, кенг китобхонлар оммасининг эътиборини қозонган, ҳам насрда, ҳам назмда қалам тебратаётган шоир ва ёзувчи бўлиб танилганидан бениҳоя хурсанд бўлиб кетаман. Ўз навбатида қутлуғ етмиш ёш остонасида турган серқирра адибга узоқ умр, оилавий тотувлик, сиҳат-саломатлик ва ижодий парвозлар тилаб қоламан.
Ризо Худойқулов,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.