Қандли диабетнинг олдини олиш касаллик асоратларидан азият чекмасликни таъминлайди

Ё.Тўрақулов номидаги республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий амалий тиббиёт маркази Самарқанд вилояти филиали ходимлари Нуробод ва Ургут туманида 40 ëшдан юқори бўлган аҳолида қандли диабет касаллигини аниқлаш ва даволашга бағишланган тадбир ва патронаж ҳамширалар учун семинар-тренинглар ташкил этилди.

Тадбир доирасида эндокрин касалликлар билан диспансер назоратида турган беморлар кўриги ўтказилди. Ётоқда бўлган беморлар ҳолидан хабар олинди.

- Президентимизнинг 2022 йил 26 январдаги “Эндокринология хизматини такомиллаштириш ва кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида 40 ëш ва ундан юқори бўлган аҳоли ўртасида мақсадли скрининг ўтказиш бўйича ишлар кенг кўламда олиб бориляпти, - дейди республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиали раҳбари Гулзода Негматова. - Айрим ҳолларда диабетолди ҳолат умумий ҳолсизлик, меҳнат қобилиятининг пасайиши, кучли чанқоқ ҳисси, тез-тез пешобга чиқиш, кўриш қобилиятининг пасайиши, қон босимининг кўтарилиши, яраларнинг секин битиши каби қандли диабетга хос бўлган айрим аломатлар билан намоён бўлиши мумкин. Бироқ 90 фоиз ҳолатда тасодифан, яъни режавий кўрик ёки бирор касаллик мавжудлиги сабабли тайинланган лаборатория текширувлари давомида аниқланади. Бунда қондаги қанд миқдори оч қоринга меъёрда 3,5-6,0 ммоль/лгача, диабетолди ҳолатда 6,1 дан 7 ммоль/лгача, овқатланишдан 2 соат ўтгач, меъёрда 7,8 ммоль/лгача, диабетолди ҳолатда 7,8 дан 11 ммоль/лгача бўлади. Ўз вақтида текширувлардан ўтиш кишиларнинг касалликнинг олдини олиб, асоратлардан азият чекмасликларига сабаб бўлади.