Қайси ҳолатларда ЙТҲ статистик ҳисоботга киритилмайди?

Қуйидаги ҳолатларда содир бўлган йўл-транспорт ҳодисалари тўғрисидаги маълумотлар статистик ҳисоботга киритилмайди:

- атрофи ўралган ҳудудлар, қўриқланадиган ва кириш-чиқиш рухсатнома орқали амалга ошириладиган ташкилотларнинг ичкарисида;

- транспорт воситалари бўйича спорт тадбирлари (мусобақалар, машқлар ва ҳоказолар) ўтказилаётган пайтда;

- трактор ҳамда бошқа ўзи юрар машина ва механизмлар учун мўлжалланган асосий ишларни бажариш пайтида (ер ҳайдаш, қазиш, ғарамлаш, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини даладан йиғиш, ортиш-тушириш ишлари, траллерга транспорт воситалари ва ўзи юрар механизмларни ортиш-тушириш, устунлар, тирговучларни ўрнатиш ва ҳоказолар);

- қасддан одам ўлдиришга, уларнинг соғлиги ёки мол-мулкига зарар етказишга (тегишли идораларнинг ҳужжатлари асосида) тажовуз қилинганда;

- ўз жонига суиқасд қилиш ёки ўз ҳаракатига жавоб беролмайдиган руҳий ҳолатда ҳаракат қилинганда;

- табиий офатлар вақтида;

- техника хавфсизлиги ва транспорт воситасидан фойдаланиш қоидаларининг бузилиши натижасида (двигателни узатмалар қутиси қўшилган ҳолатда ўт олдириш, транспорт воситаларини тиркамалар, қишлоқ хўжалик мосламалари билан қўшиш-ажратиш пайтида ва ҳоказолар);

- ҳаракатланаётган транспорт воситаларида уларнинг техник созлигига боғлиқ бўлмаган ҳолларда портлаш, ёнғин чиққанда;

- транспорт қатнови учун жиҳозланмаган (дарё ўзани, тоғ ён бағри, қир-адир, ўрмонзор ва ҳоказолар) жойларда;

- бахтсиз ҳодиса юз берганда (транспорт воситасининг ҳаракатланиши вақтида ҳайдовчи юрагининг уришдан тўхташи, тутқаноқ ёки шу тоифадаги касали бўлган одамнинг йўлнинг қатнов қисмига ўзини ташлаб юбориши ва ҳоказолар) содир бўлган йўл-транспорт ҳодисалари.