Қишда касал бўлманг, илтимос!..

Самарқанд туманига шаҳардан автобусда ўн дақиқада етиб бориш мумкин. Аммо шаҳар марказига жуда яқин бўлса-да туман аҳлининг шаҳардаги каби яшаши учун ҳозирча муаммолар кўп. Энг катта муаммо газ масаласи. Туман маркази ва унга ёндош кўплаб ҳудудларда мана 20 йилдирки газ йўқ. Биз ҳам туманга борарканмиз ҳайдовчи йўл-йўлакай бундай яшашга аллақачон кўникиб кетганини айтди. 

- Газ баллонни тўлдириб келамиз, шунга мўлжалланган печка қўйганмиз шу билан уйни иситамиз, - дейди у. – Ўн кунга етади бир тўлдириб келсак, ўртача 50 минг сўм бўлади. Бундан ташқари овқат тайёрлаш учун ҳам алоҳида газ баллон. Ҳисоблаб кўраверинг, бир ойда сал тузукроқ исиниб яшашимиз учун 300 минг сўмдан зиёд маблағ сарфлаймиз.

Тиббиёт муассасаларида ҳавонинг совуқ кунлари аҳвол қандай эканлигини билиш мақсадида бораётганим учун ҳайдовчининг уйни иситиш билан боғлиқ фикрларини диққат билан тингладим. «Уйда аҳвол шу бўлгач, касалхоналардаям шу-да, бошқа нима кутамиз», дейди ҳайдовчи. 

Тўғриси, бу мавзуда қўлга қалам олиш мана бир неча йилдирки, оғриқли бўлиб қолган. Сабаби, ижтимоий муассасаларни иситиш бўйича туманларда катта ишлар режалаштириляпти, қозонхоналар ўзгаряпти, кам қувватлисига алмаштириляпти, дейилади-ю негадир келгуси йили борсак ҳамма бинолар таъмирланган, ўша айтилган қозонхоналар ўрнатилган бўлса-да, пальтога ўраниб ўтирган ходимларга рўпара келаверамиз. Кўмирда, газда, электрда яна алламбалоларда бемалол муассасаларни иситадиган жиҳозларга нима бўлди, дея хавотир оламиз. Мутасаддилар «шунақа бўп қолди-да, энди, қурувчилар зўр бўлади, деб айтишганди, лекин қиш келиб, уларни ишлатиб кўрганимизда унчалик ҳам зўр эмаслигини тушундик», дейди. Баъзилари ортиқча гапиришни истамайди, «мана кўмиримиз бор, ўтин ҳам ғамладик, исийди, амаллаяпмиз», дейди синиқ жилмайиб. Хуллас, агар суриштириб келадиган бўлсак, қурилиш ташкилоти аллақачон ишларини якунлаб, ҳамма ҳужжатларга қўл қўйдириб объектни эгасига топширган, лекин унинг айбларини бино эгаси ҳам негадир айтолмайди. 

Газ бўлмаса-да, Самарқанд туманидаги марказий шифохонанинг асосий бўлимлари биноларида иссиқлик борлигини ҳис қилдик. Газ йўқ ҳудудда буни эплаш осонмас. Шунинг учун иссиқлик ҳамма бинода эмас, фақат бормоқ билан санарлиларида бор экан. 

- Тумандаги тиббиёт муассасаларига 2020-2021 йил куз-қиш мавсумига тайёргарлик бўйича 200 тоннадан зиёд кўмир брикети захира қилинган, - дейди Самарқанд туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи ўринбосари Тўлқин Меҳмонқулов. - Туман марказий шифохонасида учта бино, хусусан, туғруқ мажмуаси, шошилинч тиббий ёрдам ва болалар бўлимларига тўлиқ электр энергияси ёрдамида иситишга мослаштирилган замонавий қозонхоналар ўрнатилган. Айни кунларда ушбу бинолар яхши иситилмоқда. Туман тез тиббий ёрдам бўлими жорий йилда капитал таъмирланган бўлиб, бўлимда иссиқлик тизими марказлаштирилган қозонхоналарга уланмаган, мавжуд хоналарнинг барчаси кондиционерлар билан таъминланган. Ҳудудда жойлашган марказий поликлиника 2012 йилда қайта қурилган бўлиб, иккита қозонхона кўмир ёрдамида иситишга мўлжалланган. Айни вақтда сувни айлантириш мотори ишдан чиққанлиги туфайли ишламайди. Поликлиниканинг Янгиобод, Қорасув маҳалласида жойлашган тиббий пунктларида газ босими яхши ҳолатда, иссиқлик тизими ишлайди. 

Туманда 7 та қишлоқ врачлик пункти, 3 та қишлоқ оилавий поликлиника фаолият кўрсатади. Юқорида таъкидланганидай, кўмир ажратилган бўлса-да, баъзи тиббиёт муассасалари ҳозирча ундан фойдалана олмайди. Хусусан, 32-сон оилавий поликлиниканинг иситиш тизими қувурлари таъмирга муҳтож бўлса, Ўзбекистон қишлоқ варчлик пункти қозонхонасининг бири яхши ишламайди, Захлик қишлоқ врачлик пунктида ҳам қозонхоналар таъмирга муҳтож. Қолган тиббиёт муассасаларимизда аҳвол бирмунча яхши.

Аммо туман тиббиёт бирлашмасига қарашли, 145 ўринга мўлжалланган терапия мажмуаси айни пайтда жиддий таъмирга муҳтож экан. Бундан вилоят, ҳатто республика мутасаддиларининг ҳам хабари бор. Лекин ҳозирча ушбу мажмуа дастурга киритилмай турибди. Биз ҳам Самарқанд тумани аҳолиси ҳамда шифокорлари сингари бу бинода яқин йилларда ўзгариш бўлишидан умид қилиб қоламиз.

Бирмунча яхши бўлган «Гулобод» ҚВПсига борганимизда у ердаги ходимларнинг пальтода ишлаётганини кўриб, ортиқча савол беришга ҳожат қолмагандек эди. Бироқ янги қурилган, замонавий қишлоқ врачлик пунктида дирдираб ўтиришларининг боиси ҳақида изоҳ сўрадик.

- Врачлик пунктимиз 19 минг аҳолига хизмат кўрсатади, 8 нафар врач, 21 нафар патронаж ҳамшира ишлайди, - дейди Гулобод қишлоқ врачлик пункти мудири Венера Сатторова. – Биномизга кўмир, газга мослашган қозонхона ўрнатилган, аммо газ ҳозирча уланмагани боис кўмирдан фойдаланамиз. Қиш учун олти тонна кўмир берилди, шунингдек, ўтин ҳам ғамлаб қўйдик. Қозонхонани сал кечроқ ёқишгани учун хоналар ҳозирча исимабди-да. 

Агар ушбу қишлоқ врачлик пунктига борганимизда соат миллари қарийб ўн иккини кўрсатаётганини ҳисобга олсак, бино бундан кейин ҳам яхшироқ исишига шубҳа қилдик. Мудирадан 15 дақиқа давомида интервью олгунимча эса пальтода ўтириб ҳам қўлларим музлаб қолди. Қишда касал бўлманг, одамлар, илтимос, дегим келди.   

Ишга туман марказидан қатнайдиган автобусда қайтарканман, туман одамлари билан суҳбатимиз яна ўз-ўзидан иссиқлик таъминотига бориб тақалди. 

- Бундан ўн йиллар олдин турмуш қургандик. Газ-ку ўчган, аммо электр ҳам ўша йиллари қарийб ёнмайдиган бўлиб қолди. Айни қиш ойлари тўйимиз бўлиб қолди. Электрга ишониб, қишга тайёргарлик кўрмаган эканмиз, борини ота-онам, укаларим ўтирган хонага ишлатишга тўғри келди. Биз, ёш келин-куёв пальто, иссиқ бош кийим кийиб қишни ўтказганмиз. Ўшандан кейин қиш келди, дегунча кўмир, ўтинни ғамлайдиган бўлдик. Ҳозир, электр анча яхши бўлиб қолди, барибир оғзи куйган қатиқни ҳам пуфлаб ичаркан-да, нима дейсиз…

Гулруҳ МЎМИНОВА,

«Зарафшон» мухбири.