«Қишлоғимизга дўхтир келди»

Аввал хабар берганимиздек, Самарқанд давлат тиббиёт институтининг тарғибот гуруҳлари вилоятнинг шаҳар ва туманларида бўлиб, аҳоли ўртасида юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, тўғри овқатланиш ва жисмоний фаолликни ошириш мавзуларида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришмоқда.

Маҳалла фаоллари, хотин-қизлар қўмиталари вакиллари, тиббиётчи, ўқитувчи ҳамда имом-хатиблар билан бирга институтнинг туманларда ишлаб чиқариш амалиётини ўташ учун сафарбар этилган магистр ва клиник ординаторлари иштирок этган тадбирларда юқумли бўлмаган касалликлар, жумладан, қон босимининг ошиши, миокард инфаркти, инсульт, қандли диабет касалликлари ва онкологик касалликларнинг олдини олиш бўйича мутахассислар ўз тавсияларини беришди.

Шунингдек, шифокорлар аҳолини тиббий кўрикдан ўтказишди ва саломатлигини тиклашда муаммога учраётган фуқароларга институтнинг 1-клиник шифохонасида даволанишлари учун йўлланма берди.

Туман тиббиёт бирлашмаларига сафарбар этилган магистр ва клиник ординаторлар эса жорий йилнинг 31 майига қадар амалиётини ўташ билан бирга аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш билан ҳам машғул бўлади.

Яхшинор АЛЛАЁРОВ,

Самарқанд давлат медицина институти доценти.