Вилоятдаги 9 та тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари жаримага тортилди: бу бирлашмаларда ишга қабул қилиш тартиби бузилган
Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Самарқанд вилояти филиали томонидан вилоятдаги соғлиқни сақлаш тизими ташкилотларида ходимларни очиқ танлов асосида ишга қабул қилиш ҳолати мониторинг қилинди.
Мониторинг давомида 11 та туман тиббиёт бирлашмаларида 22 та ҳолатда мавжуд вакант лавозимларга очиқ танловларсиз ҳамда танлов ғолиби аниқлангунга қадар "в.б." сифатида ходимларини ишга олиш ҳолатлари аниқланди.
Мониторинг натижаси бўйича Булунғур, Жомбой, Нарпай, Нуробод, Пайариқ, Пахтачи, Тойлоқ, Самарқанд туманлари ва Самарқанд шаҳар Тиббиёт бирлашмаларининг 9 нафар раҳбар ходимлари жами 23 млн. 100 минг сўм миқдорида маъмурий жаримага тортилди.
Шунингдек, ноқонуний ишга қабул қилинганлар бўйича 22 та буйруқ бекор қилиниб, ташкилотларнинг Инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш бўлимлари бошлиқларига интизомий чора қўллаш учун вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармасига тақдимнома киритилди.