Қишлоқ хўжалигига ихтисослашган коллеж ва техникумларда янги йўналиш очилади

“Доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш, уларнинг уруғчилигини йўлга қўйишни ривожлантириш бўйича илмий тадқиқотлар кўламини кенгайтиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–4901-сон, 26.11.2020 йил) қабул қилинди.

Қарорга кўра, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ҳузурида давлат муассасаси шаклидаги Доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш илмий-ишлаб чиқариш маркази ташкил этилди.

Доривор ўсимликларни илмий асосда етиштириш ва қайта ишлаш, улардан оқилона фойдаланишнинг ягона стратегиясини шакллантириш ва амалга ошириш Марказнинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.

Марказнинг ўрмон фонди ерларида хусусий секторни жалб этган ҳолда доривор ўсимликларни етиштириш ва илмий-ишлаб чиқариш кластерлари ташкил этилади.

Қарорга кўра, Нукус, Хўжайли, Қоракўл, Бахмал, Зомин, Китоб, Узун, Бойсун, Бурчмулла, Оҳангарон давлат ўрмон хўжаликлари доривор ўсимликларни етиштиришга, Қуйи Чирчиқ ихтисослашган давлат ўрмон хўжалиги доривор ўсимликлар уруғ ва кўчатларини тайёрлашга ихтисослаштирилади.

Шунингдек, Ғаллаорол, Когон ҳамда Ургут ихтисослашган давлат ўрмон хўжаликлари ташкил этилади.

2021/2022 ўқув йилидан:

  • республика олий таълим муассасалари биология йўналишларининг 3 ва 4-курсларида таҳсил олаётган иқтидорли талабалар таркибидан алоҳида гуруҳларда чуқурлаштирилган ўқитиш амалиёти йўлга қўйилади;
  • барча қишлоқ хўжалигига ихтисослашган коллеж ва техникумларда “Доривор ўсимликлар етиштириш агротехнологияси” йўналиши очилади.

Ҳужжат ҳақидаги тўлиқ маълумот билан www.lex.uz сайти орқали танишиш мумкин.