Қишлоқда китоб дўкони очилди

Иштихон тумани “Чақар” маҳалласида якка тартибдаги тадбиркор Нигора Қаршиева томонидан китоб дўкони фаолияти йўлга қўйилди.
— Ёшлар ўртасида китобхонлик тарғиботи бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири сифатида эътироф этилмоқда, — дейди тадбиркор Нигора Қаршиева. — Шу боис, тадбиркорлик фаолиятимни мазкур йўналишда ташкил этишга қарор қилдим. Маҳалла аҳлининг китобга бўлган эътибори жуда юқори. Дастлабки кунларданоқ, мавжуд бадиий адабиётларнинг асосий қисми китобхонлар томонидан харид қилинди. Кўплаб буюртмалар тушди.
Китоб дўкони маҳалла ҳудудида жойлашган 36-умумтаълим мактаби ёнгинасида қурилган. 660 ўринли мактабда бугунги кунда 900 нафардан ортиқ ўқувчи таълим олади. Мактаб ҳудуддаги 4 та мактаб учун таянч мактаб сифатида танланиб, ҳудудий ишлаб чиқариш мажмуаси ташкил қилинган. Мажмуада мазкур мактабдан ташқари 40,67, 80-умумтаълим мактабларининг 370 нафар 9 ва 10-синф ўқувчилари 5 та мутахассислик бўйича касб-ҳунар ўрганмоқда. 65 нафар ўқитувчи таълим-тарбия бераётган мактаб ўқувчилари илм олишга, касб-ҳунар эгаллашга иштиёқманд. Ўқувчилар мактаб кутубхонасидаги адабиётлардан ташқари янги очилган китоб дўконидаги китоблардан мунтазам фойдаланишмоқда.
— Китоб дўкони очилгач, ўқувчиларимиз ўртасида китобхонликка бўлган қизиқиш ортди, — дейди мактаб директори Усмон Исариев. — Авваллари китоб харид қилиш учун туман марказига бориб келиш учун сарфланган маблағга ўзимизнинг китоб дўконидан битта китоб олиш мумкин.
“Чақар” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Насим Аҳмедовнинг таъкидлашича, тадбиркор Нигора Қаршиева томонидан ташкил қилинган китоб дўкони ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, дунёқарашини кенгайтиришга хизмат қилмоқда. Шунингдек, ёш тадбиркор Анвар Бердиқулов “Ёшлар — келажагимиз” жамғармасининг 100 миллион сўм имтиёзли кредити ҳисобидан маҳаллада тикувчилик цехи, тренажёр зал, эркаклар ва аёллар сартарошхоналари ташкил этмоқчи.

А.Исроилов.