Қизил ярим ой жамияти Самарқанд вилоят ташкилоти эҳтиёжманд кишиларга 378 миллион сўмлик меҳр-шафқат ёрдами кўрсатди

Ўзбекистон Қизил ярим ой жамияти Самарқанд вилоят ташкилоти томонидан 2015-2019 йилларда эҳтиёжманд кишиларга 378 миллион сўмлик меҳр-шафқат ёрдами, ногиронлар ва ижтимоий муҳофазага муҳтож фуқароларга 12 миллион сўмлик тиббий реабилитация воситалари, 38,7 миллион сўмлик дори-дармон берилди.

Бу ҳақда ташкилотнинг беш йилга мўлжалланган ўттиз биринчи ҳисобот-сайлов конференциясида айтилди.

Конференцияда вилоят ҳокимининг ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Г.Алимова, Ўзбекистон Қизил Ярим Ой жамияти раиси Ҳ.Каримов ва бошқалар ташкилотнинг тиббий-гуманитар ҳаракатлари ҳақида қайд этар экан, Қизил Ярим Ой жамияти вилоят ташкилотининг ҳудудда амалга оширилаётган тиббий-ижтимоий дастурлар, лойиҳалардаги фаол иштирокини ижобий баҳолади.

Шунингдек, конференцияда ташкилотнинг хавфли юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олиш, фавқулодда вазиятларда аҳолига шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига беғараз кўмак бериш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, соҳага оид халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида олиб борган фаолияти ва тарғибот-ташвиқот ишлари таҳлил қилинди. Бу борадаги ютуқ ва камчиликлар ҳақида сўз юритилди.

Конференцияда Ўзбекистон Қизил Ярим Ой жамияти вилоят ташкилотига раис этиб шу пайтгача ушбу ташкилот раиси бўлиб ишлаб келаётган М.Арипова қайта сайланди.

Акрам БЎРИЕВ.