Бугун Ўзбекистон Қизил Ярим ой жамияти ташкил этилган кун
Жамият 1925 йил 14 ноябрда ташкил этилган. Унинг асосий вазифаси фавқулодда вазиятларга тайёрланиш, офатларда жабрланганларга ва муҳтож кишилар ҳамда кўп болалик кам таъминланган оилаларга инсонпарварлик ёрдамини кўрсатиш, аҳолини биринчи тиббий ёрдам кўрсатишга ўқитиш.
Шунингдек, жамият ғамхўрлигидагиларга ва аҳолининг бошқа заиф табақаларига тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш, ёшлар ҳаракатини ривожлантириш ва жамият ишларида қатнашишга ёшлар (волонтерлар)ни жалб этиш, Халқаро Инсонпарварлик Ҳуқуқлари (Женева Конвенциялари)ни тарғиб этиш ва қидирув хизматидан иборатдир. Ташкил этилган пайтидан бошлаб ҳозирги кунгача давлат органларига ижтимоий муаммоларни ҳал этишда кўмаклашиб келмоқда.
Ташкил этилишининг дастлабки йилларида юқумли касалликлар билан курашиш, оч қолган қатлам вакиллари ва болаларни овқат билан таъминлаш, санитар-гигиеник аҳволни яхшилаш, сартарошхоналар ва тиш даволаш муассасаларини, биринчи санитар авиацияси ташкил этиш каби фаолиятни амалга оширган. 1941-1945 йилларда Қизил Ярим ой жамияти фронт учун тиббиёт ходимларини ва санитар дружиналарини тайёрлаб берган. Арманистон (Спитак), Афғонистон, Тожикистон, Қирғизистон, Туркия, Эрон каби мамлакатларда содир бўлган кучли ер силкинишлари, кўчки, сув тошқинлари каби табиий офатларда ушбу давлатларга салмоқли миқдорда инсонпарварлик ёрдамларини жўнатган.
Шу йилнинг февраль ойида Туркияда содир бўлган ҳалокатли зилзиладан зарар кўрган аҳоли учун йиғиладиган каравотлар, чодирлар, ошхона жиҳозлари, кўрпа-тўшак, оилавий гигиена тўпламларини юборди.
Жамиятнинг Самарқанд вилоят ташкилоти томонидан Халқаро Қизил Хоч ва Қизил Ярим ой жамиятлари Федерацияси кўмагида вилоятнинг ўнлаб маҳаллаларида аҳолини фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга ва биринчи ёрдам кўрсатишга ўргатиш, фавқулодда вазиятлар содир бўлишнинг олдини олиш ва эҳтимолини камайтириш бўйича амалий ишлар қилинди. Бу борада сув қочириш лотоклари ўрнатилди, қудуқлар ковланди, артезиан сувлари чиқариб берилди, сой ва ариқлар устида кўприклар барпо этилди, жарликлар атрофларига ҳимоя тўсиқлари ўрнатилди, қирғоқлар мустаҳкамланди.
Жамиятнинг вилоят ташкилоти қошида фавқулодда вазиятларда маҳаллий даражада қутқариш ва биринчи ёрдам кўрсатиш қобилиятига эга бўлган волонтёрлар гуруҳи тайёрланди.
Халқаро Қизил Хоч ва Қизил Ярим ой жамиятлари Федерацияси кўмаги ҳамда ўз маблағлари ҳисобига коронавирус пандемияси муносабати билан эълон қилинган карантин даврида аҳолининг ижтимоий ёрдамга муҳтож қатламларига йирик миқдорда озиқ-овқатлар, санитар-гигиеник воситалар, пул маблағлари, шифохоналарга замонавий каравотлар билан ёрдам кўрсатилди.
Вилоят ташкилоти қошида кексалар ва имконияти чекланган шахсларни парваришловчи ходимларни тайёрлаш бўйича ўқув курслари ташкил этилган. Аҳолини фавқулодда вазиятларда биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича малакали мутахассис ходимлар томонидан машғулотлар ўтказилиб келинмоқда.