“Қўлингдагини берсанг, оласан”
Бутун оламда кезиб юрган Муборак Рамазон - тинчлик, файзу-барака ва саховат ойи муносабати билан жойларда “Вақф” хайрия жамоат фондининг Самарқанд филиали томонидан ҳам турли хайрия тадбирлари ташкил этилмоқда.
Жумладан, фонднинг Самарқанд филиали Туркия давлатининг “Hasene” компанияси билан ҳамкорликда вилоятимиздаги бир қанча фуқароларга озиқ-овқат маҳсулотлари эҳсон қилиб, эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олди. Хонадонларда бўлиб, эҳсонларни топширган “Вақф” хайрия жамоат фондининг Самарқанд филиали раҳбари А.Султонов ва Самарқанд шаҳар “Шоҳи Зинда” жоме масжиди имом-хатиби Самариддин Мирзаев рамазон ойи билан муборакбод этиб, эҳсон қилганлар ҳақига дуо қилди.
Сахийлик энг улуғ фазилатлардан. Айниқса, Рамазон ойида унинг зиёда бўлиши Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг суннатларидан экан.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) одамларнинг энг саховатлиси эдилар. У зотнинг саховатлари Рамазон ойида – ҳар кеча Жаброил (алайҳиссалом) Қуръонни таълим бериш учун ҳузурларига тушадиган пайтларда, айниқса, зиёда бўларди. Дарҳақиқат, Аллоҳнинг расули (соллаллоҳу алайҳи васаллам) одамларга мурувват кўрсатишда шиддат билан эсаётган шамолданда тез эдилар” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Ҳотамтойдан шунчалар саховатлисан, уни кимдан ўргандинг”, деб сўрашганда: “Ғиштдан”, деб жавоб берган экан. Сабабини сўрашганда: “Ёшлик чоғимда ҳашарга борганимда, бир қаторга терилиб ғиштни қўлма-қўл узатиб устага етказиб берардик. Уста тўхтаса, биз ҳам қўлимиздаги ғишт билан тўхтаб қолардик. Шунда англадимки, қўлингдагини берсанг, оласан”.
ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги матбуот хизмати.