Қомусимиз қоидалари динимиз кўрсатмаларига ҳамоҳанг

Халқимизнинг оилага муносабати, бу муқаддас қўрғон билан боғлиқ қадриятлар туфайли Конституциямизда “Оила” боби (XIV боб) яратилган. 1998 йил 30 апрелда эса Оила кодекси қабул қилинди.

Оила ҳар бир жамиятнинг бошланғич бўғини ҳисобланади. Оила мустаҳкам, тинч, ҳалол ва пок бўлса, жамият ҳам осойишта, мустаҳкам, фаровон бўлади. Зеро, “Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга”.

Оилада юксак маънавий муҳитни ташкил этиш жуда муҳим. Бунда оила аъзоларининг, айниқса, эр ва хотиннинг ўзаро муросага бориши, ғазаби келганда уни енгиши ва ширин сўзли бўлиши сингари бир қатор омиллар жуда катта аҳамият касб этади. Чунки оиланинг тинч, фарзандларнинг бахтли бўлишида эр-хотиннинг ҳар иккиси ҳам оиладаги бурчларини астойдил адо этишга интилишлари зарур.

Муқаддас динимизда ҳам оила муқаддас даргоҳ эканлиги ва албатта фарзандлар тарбиясига эътиборли бўлиш лозимлиги кўп бора таъкидланган. Жумладан, бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Ҳар бирингиз ўз қўл остингиздагиларга масъулдирсиз”, дея марҳамат қилганлар.

Эр ўз ўрнини йўқотган, хотин эса эрнинг мавқеига даъвогарлик қилган оилаларда нафақат нотинчлик бўлади, балки маҳалла-кўй орасида ҳам бундай оиланинг ҳурмати йўқолади. Ваҳоланки, Конституциямизда “Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар”, деб таъкидлаб ўтилган.

Шу ўринда айтиш жоизки, ҳаётда ота-оналари фарзандларига борини бериб, уларни вояга етказар экан, фарзандлар ҳам улғайгандан сўнг ота-оналарига ғамхўрлик қилиб, уларни рози қиладиган амалларни қилиши лозим бўлади. Бу ҳақда Конституциямизнинг ХIV боб 66-моддасида “Вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар”, дея таъкидланган.

Қолаверса, муқаддас динимизда ҳам фарзандларнинг ота-оналарига ғамхўрлик қилишлари, уларни рози қиладиган амалларни кўпайтиришлари тўғрисида кўп бора буюрилган. Жумладан, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Нисо сурасининг 36-оятида “Ва Аллоҳга ибодат қилинглар ва Унга ҳеч нарсани ширк келтирманглар. Ота-онага яхшилик қилинглар”, деб марҳамат қилинган.

Оила Аллоҳ таолонинг розилигини топиш, ҳазрати Пайғамбаримиз (с.а.в.) ахлоқлари, чиройли одоб-ахлоқ билан зийнатланиш ва пок йўл билан инсоният наслини давом эттириш мақсадида қурилади. Шунинг учун  динимиз оилани муқаддас санайди ва никоҳни инсоний алоқаларнинг энг муҳими сифатида юксак қадрлайди.

Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ,

Самарқанд вилояти бош имом-хатиби.