Қўни-қўшнилар англиялик келиндан миннатдор

Аввал, сайтимизда англиялик келин ҳақида хабар бергандик. Англиядан Фарғона водийсига келин бўлиб тушган инглиз қиз бугун ўзбек тилини ўзлаштиряпти, болажонлар ундан инглиз тилини ўрганмоқда. Фотима Ўктамова ўзининг фейсбук саҳифасида шулар ҳақида ёзибди:

“Бу ҳовли чиннидек тоза. Томорқага экилган турфа гуллар яшнаб оҳиста тебранади. Уларни бирдек парваришлайдиган Муҳайё опа бугун айвонда китоб мутолааси билан банд. Сабаби, бу юмушларни қайнонанинг қўлидан келинлари олган. Айниқса, Лондонлик келин Жени елиб-югуриб уй юмушларию, боғдаги гуллар парвариши билан шуғулланишни яхши кўриб қолган. Жени гулларга боқиб кулади, уларни меҳр тўла қўллари билан силайди, улардан завқ олади. Шу сабаб ранг-баранг очилаётган гуллар кўзни яшнатади. Эрта тонг ҳовлига сувлар сепилган, айвонга нонушта тайёрланган. Ўзбекчани анчагина ўрганиб олган Жени “Ассалому алайкум” деб оиласи аъзоларини тонг билан қаршилайди. Уйга келган меҳмонларни тўрга ўтказиб, кетаётганларида “Яхши боринг”, “яна келинг”, дея табассум билан кузатиб қўяди.

Қўни-қўшнилар англиялик келиндан миннатдор. У тонгда бир ўзини эмас қўшниларнинг кўчаларигача супуриб, сув сепиб дуоларини олгани олган. Қўшнилар, қариндошларнинг фарзандлари ҳатто Жени келинойидан инглиз тилини ўрганиб олишаётир. Ўзбегимнинг бағри кенглиги, меҳмондўстлиги лондонлик қиз қалбига кўчаётганидан бу бир дарак”.