Қорасувда нега 335 та уйнинг эгаси шубҳа остига олинди? Вилоят ҳокими бунинг учун одамлардан узр сўрашга тайёр
Вилоят ҳокими Э.Турдимов Қорасув массивида барпо этилаётган уй эгалари билан ёшлар марказида бўлиб ўтган учрашув давомида бу ҳақда айтиб ўтди.
Қайд қилинганидек, ўтказилган хатлов давомида 2018 йилда қурилган 1344 та кўп қаватли уйларнинг айримлари аслида эҳтиёжи йўқ, бунга муҳтож бўлмаган кишиларга берилган. Ўрганишларга кўра, 335 та уй эгалари ана шундай кишилар бўлиши мумкин.
Маълумотларга кўра, бугунги кунда 34 та янги уй эгаларининг кўп қаватли уйдаги квартирага эҳтиёжи йўқ. “Биз энди уларни судга берамиз, уйларни бўшатамиз ва энг муҳтожларга берамиз”, - деди Э.Турдимов.
Учрашувда давлат дастури асосида қурилаётган уйларни тақсимлашда Самарқанд шаҳар ҳокимлиги томонидан турли қинғирликларга йўл қўйилгани яна бир бор таъкидланди. Бунинг учун “одамлардан яна бир марта узр сўрашга тайёрман”, - деди вилоят ҳокими.
Вилоят ҳокими таъкидлаганидек, жорий йилда Қорасув массивида қурилаётган кўп қаватли уйларни тақсимлаш бўйича вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси (Г.Алимова) бошчилигида, Самарқанд шаҳар ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси (З.Рахмонова), вилоят “Нуроний” жамғармаси (Ҳ.Нормуродов), “Маҳалла” хайрия жамоат фонди (Б.Насриев) раислари, “Зарафшон” газетаси бош муҳаррири (Ф.Тошев) комиссия ташкил қилинган. Комиссия томонидан уй-жойга талабгорларнинг электрон рўйхати шакллантирилмоқда.
Мулоқот чоғида шунингдек, уй-жойларнинг ҳар бир квадрат метри учун тўланадиган нархлар масаласига ҳам ойдинлик киритилди. Бу борада давлат дастури асосида қурилаётган уйларнинг асосий буюртмачиси бўлган “Ўзшаҳарқурилишинвест” ва асосий кредит таъминотчиларидан бири Ипотека банкининг республика бошқаруви масъуллари батафсил маълумот берди.
Шунингдек, вилоят ҳокими учрашув давомида жорий йилда қуриб битказилиш ражалаштирилаётган кўп қаватли уйларга ажратилган кредит маблағлари учун 16-18 фоиздан ошмаган фоизлар ҳисобланишини билдирди. Айни шу масалада давлатимиз раҳбарининг Самарқанд вилоятига ташрифи давомида тақдимот ўтказилган. Ташриф баёнига асосан Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарлари, Тойлоқ, Ургут ва Каттақўрғон туманларида кўп қаватли уйлар қуриш учун хорижий кредит линияларининг 200 миллион доллар маблағи ажратилиши режалаштирилмоқда.
Вилоят ҳокими "Агромир" масъулияти чекланган жамияти мутасаддиларига 2019-2020 йилларда қуриб битказиладиган 1600 та уйни ким, қачон олиши, қанақа тартибда олиши бўйича тушунтириш ишларини олиб бориш зарурлигини билдирди.
"Миллий банк" вилоят бошқаруви раҳбарига уйларнинг қаватидан келиб чиқиб, бошланғич бадал маблағларини шакллантиришни, бу борада зарурат туғилса республика раҳбарияти билан боғланишни буюрди.
Мулоқот давомида вилоят ҳокими йиғилганларнинг ҳар бир саволига батафсил жавоб қайтарди.