Қўшработдаги айрим мактабларнинг янги ўқув йилига тайёргарлиги қониқарсиз
Таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, мактабларни замонавий таълим муассасаларига айлантириш, уларга кўмаклашиш кейинги икки йилдан буён ўзига хос ҳаракатга айланди.
Бу борада Қўшработ туманидаги таълим муассасаларида ҳам янги ўқув йилига тайёргарлик, куз-қиш мавсумини барқарор ўтказиш бўйича берилган топшириқлар ва тавсиялар асосида амалга оширилаётган ишлар натижадорлиги юзасидан Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи Саидаҳмад Усмонов раҳбарлигида бошқарма ходимларидан иборат ишчи гуруҳи аъзолари томонидан ўрганиш ишлари олиб борилди.
Қўшработ туманидаги 90-умумтаълим мактабида мактаб директорлари ҳамда туман халқ таълими бўлими масъул ходимлари иштирокида карантин қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда мазкур ўрганиш ишларининг якунига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда сўзга чиққан вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Саидаҳмад Усмонов таълим сифати ва самарадорлигини оширишда, аввало, ўқитувчиларнинг мутахассислиги бўйича билимини мустаҳкамлаш, уларни доимий равишда ўз устида ишлашини ташкил этиш долзарб вазифа эканлигини таъкидлади. Бу борада мактабда устозлар беллашувини мунтазам ўтказиш, директорнинг масъулиятни ҳис этиб, ҳар томонлама назорат қилиш лозимлигини уқтирди.
Шунингдек, йиллар давомида реал ҳолатни яшириб, мактабнинг янги ўқув йилига, куз-қиш мавсумига тайёрлиги ҳақида ҳақиқатдан йироқ ҳисоботлар берилгани оқибатида муаммолар кўлами кенгайиб келганини таъкидлади. Ўрганишлар давомида бу каби муаммоларга аниқлик киритилаётгани, ўз вазифасига совуққонлик билан ёндашиб келаётган директорлар фаолиятига танқидий баҳо берилиб, уларнинг ҳаракатга келишига имкон яратаётганини қайд этди.
Шундан сўнг, вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Элмурод Суяровнинг бошқарма ишчи гуруҳи аъзоларининг ўрганиш натижалари бўйича ҳисоботи тингланди.
Таъкидланганидек, ишчи гуруҳи аъзолари томонидан тумандаги 72 та мактаблар (умумий сонига нисбатан (81 %) ўрганилди.
Ўрганиш хулосаларига кўра, тумандаги мактабларнинг 16 тасида (18 %) янги ўқув йили ва куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари уюшқоқлик билан ташкил этилиб, таълим муассаса директорлари ташаббускорлиги ҳамда жамоасининг меҳнатсеварлиги эвазига мактабларни тайёр ҳолатга келтирган.
Шу билан бирга, 40 та (45 %) мактабларнинг директорлари бугунги замон талабига мос раҳбар бўлмаганлиги, дангасалиги ва жамоасини эргаштира олмаганлиги оқибатида, мактабдаги барча ишлар ўз ҳолига ташлаб қўйилган. 16 та (18 %) мактабларда янги ўқув йили ва куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари бошланган, лекин охирига етказилмаган.
С.Усмонов ўзибўларчилик кайфиятида иш олиб борган ва ўтган йиллардан буён огоҳлантиришларга қарамасдан, мактабда ҳамон "буржуйка" печларини сақлаб келаётган 6 нафар директорга нисбатан интизомий жазо бериш бўйича топшириқ берди.
Умумтаълим муассасаларида таълим сифатини мустаҳкамлаш, битирувчиларнинг олий таълим муассасаларига ўқишга кириш кўрсаткичларини оширишга доир тавсиялар берди.
Вилоят халқ таълими бошқармаси ишчи гуруҳи аъзоларининг вилоятнинг энг чекка ҳудудларида жойлашган мактаблардаги ҳақиқий ҳолатни ўрганиш ишлари давом этмоқда.
Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.