Қўшработликлар йиғин сигнали билан уйғонди
Қўшработ туманида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бундай вазиятларда ҳаракат қилиш давлат тизими ҳудудий қуйи тизими бошқарув органларининг куч ва воситалари билан қўмондонлик - штаб ўқув машқлари ўтказилмоқда.
Бугун эрта тонгдан бошланган ўқув машқлари режасига мувофиқ туман аҳолисига шартли равишда содир бўлган кучли ер силкиниши ҳолатида йиғин сигнали берилди.
Шундан сўнг, барча корхона ва ташкилот раҳбарлари фавқулодда вазият тўғрисида огоҳлантирилди, масъул раҳбарлар туман ҳокимлигида йиғилди. Унда тегишли комиссия раислари ва туман ФВДқТ хизмати раҳбарларининг шартли зилзила оқибатида туман ҳудудида юзага келган вазиятни баҳолаш ҳисоботлари, аҳолини муҳофаза қилиш бўйича таклифлари тингланди ҳамда барча масъулларга туман ҳокими - фуқаро муҳофазаси бошлиғи томонидан вазифалар берилди.
Зилзила оқибатида кўрилган талафотларни бартараф этиш ва аҳолига тезкор ёрдам кўрсатиш мақсадида 50 дан ортиқ техника ва куч воситалари жамланди. Қўшработ тумани “Йиғма команда”сининг саф кўригида ҳар бир тузилманинг ихтиёридаги техника ва асбоб-анжомлар кўздан кечирилиб, керакли тавсиялар берилди.
Навбатдаги ўқув машқида зилзила билан боғлиқ фавқулодда вазиятлар юзага келганда аҳолини хавфсиз ҳудудга кўчириш мақсадида Жўш ота маҳалласи ҳудудидан 400 нафардан ортиқ фуқаро учун йиғиш-кўчириш пункти тузилди.
Ўқув машқлари 24 майга қадар давом этмоқда.