Прокурор энди ҳисобот бермайди, ҳокимлар эса 5 йил муддатга сайланади

Янгиланган Конституцияда белгиланган тамойиллардан келиб чиқиб, амалдаги тартибларга шу каби бир қатор ўзгартишлар киритилди. Айни ўзгаришлар нималардан иборат? Қуйидаги шу ҳақда сўз юритамиз.

Демак, биринчи янгилик - маҳаллий вакиллик органларига прокурорлар ўз фаолияти тўғрисида ҳисобот эмас, ахборот тақдим этади.

«Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонундаги вилоят, туман, шаҳар ҳокими бир вақтнинг ўзида тегишли ҳудуддаги вакиллик ҳокимиятига бошчилик қилиши ҳақидаги норма чиқариб ташланди.

Аниқроғи, аввалги тартибга кўра, ҳокимлар вилоят, туман ва шаҳарнинг олий мансабдор шахси эди. Энди улар ҳудуддаги ижро этувчи ҳокимиятга бошчилик қилади.

Қонун билан ҳокимлар ҳудуддаги Кенгашлар, яъни депутатлар тузилмасига бўйсунувчи мансабдорлар қаторига ўтказилганини кўриш мумкин. Зотан, қонунда “вилоят, туман, шаҳар ҳокими:

... тегишли халқ депутатлари Кенгашларининг қарорларини ижро этади”, деб белгилаб қўйилди.

Яна бир янгилик - айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ бир вилоят, туман, шаҳар ҳокими этиб тайинланиши мумкин эмас.

Ҳокимларнинг ваколатлари муддати — беш йил.

Шу ўринда эслатиб ўтиш зарур, ҳоким ва маҳаллий Кенгаш раиси вазифаларининг ажратилиши билан боғлиқ қоидалар туман ва шаҳарларда 2026 йил 1 январдан амалга киритилади.

Аввалги тартибда ҳам ҳокимлар тегишли ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича маҳаллий вакиллар органлари, яъни депутатларга ҳисобот бериши ҳақидаги норма бор эди. Аммо аксар ҳолларда бу амалиёт кузатилмасди. Қонунчиликка киритилган қўшимча билан қайд қилинган ҳисоботни тақдим қилишнинг аниқ муддати белгилаб қўйилди.

Дарвоқе, ўзгартишга кўра, ҳоким Кенгашлар фаолиятининг ташкилий шакли (аввалги тартибда иш шакли эди) сессияларни чақириш ваколатига эга эмас. Ҳудудий ижро этувчи ҳокимият бошлиқлари бу ҳақда фақат таклиф киритиши мумкин.

Депутатлар фаолиятида нима ўзгарди?

Энди депутатлар Кенгаш сессиясини чақириш тўғрисидаги қарордан сессия очилишидан камида уч кун олдин хабардор қилинади. Қонуннинг аввалги таҳририда бу муддат етти кунни ташкил қиларди.

Умуман, сессия чақириш Кенгаш раиси ваколатида қолди. Ўзгартиш шуки, Кенгашга депутатлар орасидан сайланган раис жамоатчилик асосида бошчилик қилади. Шу ўринда айтиб ўтиш лозим, депутатлар ўзлари сайлаган раисни муддати тугамасдан ҳам лавозимдан озод қилишлари мумкин. Қонунда бу амалиётнинг тартиби ҳам назарда тутилган.

Кенгаш сессияларига раис йўқлигида сайловда энг кўп депутатлик ўринларини олган сиёсий партия гуруҳи раҳбари раислик қилади. Қонундаги айни ўзгартиш партиялар ўртасида ҳудудларда ҳам рақобат шаклланишига хизмат қилишини қайд этиш лозим.

Негаки, шу пайтгача, ҳудудларда партиялар ўртасидаги рақобат деярли ҳеч нарсани англатмасди. Сессияни Кенгаш депутатларининг учдан икки қисмининг ташаббуси билан ҳам чақириш мумкинлигини ҳисобга олсак, муайян депутатлик гуруҳлари ҳал қилувчи роль ўйнаш имконига эга бўлган.

Бу эса табиийки, илгари сурилаётган ғоя ва ташаббусларни кўпроқ ўтказиш имконини беради.

Умумий қилиб айтганда, маҳаллий вакиллик органлари фаолияти ҳудуд аҳолиси манфаатларидан келиб чиқиб, қарорлар қабул қилишга йўналтирилса, ҳокимларнинг фаолияти эса мазкур қарорларни ижро қилишга қаратилади.

Янгиликлар кўп...

Ҳокимлар тегишли халқ депутатлари Кенгашининг қонунчиликка зид бўлган қарорларини бекор қилиш учун Олий Мажлис Сенати ёки судга мурожаат қилади. Айни дамда қонунчиликдаги бу ўзгартиш ҳам Кенгашлар мустақиллиги учун дадил қадамлардан бири, дейиш мумкин.

Эски тартибга кўра, биласиз, сессия муҳокамасига киритиладиган масалаларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш ва тайёрлаш, халқ депутатлари Кенгаши қарорлари ва қонун ҳужжатларини рўёбга чиқариш учун кўмаклашиш, шунингдек ўз ваколатлари доирасида назоратни амалга ошириш учун халқ депутатлари Кенгаши ўз ваколатлари муддатига доимий ва муваққат комиссиялар тузади.

Янги тартиб бўйича халқ депутатлари Кенгашларида, қоида тариқасида, бешта (илгари 7-8 та бўларди) доимий комиссиялар тузилади:

- маҳаллий бюджет, тадбиркорликни ривожлантириш ва иқтисодий ислоҳотлар бўйича;

- коррупцияга қарши курашиш, давлат органларида очиқликни таъминлаш ва ҳуқуқий масалалар бўйича;

- ижтимоий соҳа, ёшлар сиёсати, маданият ва спорт масалалари бўйича;

- аграр, қурилиш, коммунал соҳалар, экология, саноат ва транспорт масалалари бўйича;

- регламент ва депутатлик одоб-ахлоқи масалалари бўйича.

Яна бир муҳим жиҳат, Кенгашларнинг назорат тадбирларини амалга оширишдаги имкониятлари «Кенгаш сўрови», «Кенгаш текшируви» каби таъсирчан институтларни жорий этиш ҳисобига кенгайди.

Хулоса

Қисқа қилиб айтганда, қонун билан маҳаллий Кенгашларнинг назорат фаолиятини кучайтиришга қаратилган ҳуқуқий асослар яратилиб, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фаолияти устидан халқ депутатлари Кенгашларининг назорат функцияларини кенгайтириш учун уларга ўндан ортиқ қўшимча ваколатлар берилди.

Ёқубжон МАРҚАЕВ.