Конституцияга киритилаётган ўзгариш: Замонавий таълимни замонга мос, мақоми баланд, билими кенг ўқитувчилар бера олади

Янгиланаётган Конституциянинг 52-моддаси ўқитувчилар шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсишига ғамхўрликни кафолатлайдиган норма ҳисобланади.

Умуман, Конституцияга ўқитувчилар билан боғлиқ модда киритилаётгани - жамиятда ушбу касб эгаларига нисбатан йиллар давомида шаклланган муносабатни ижобий томонга ўзгартириш йўлида ташланган қадамдир.

Мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб ўқитувчиларнинг обрўси ва мавқеи сезиларли даражада тушиб кетди. Ойлик маошлари, иш шароитлари ҳаминқадар бўлганининг устига улар турли қўшимча юмушлар билан банд қилинар эди. Бундай шароитда ишлайдиган ўқитувчи сифатли таълим бериши мумкинми?

Ишонч билан айтишимиз мумкинки, бу борада сўнгги йилларда салмоқли ўзгаришлар амалга оширилди. Биринчи навбатда ўқитувчилар мажбурий меҳнат – пахта терими, ободонлаштириш ишларига жалб қилинмайдиган бўлди.

Таълим даргоҳларидаги ортиқча қоғозбозликка ҳам чек қўйилди. Мактабларда маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари бошчилигида синф раҳбарлар ва фан ўқитувчилари 18 та жадвал ҳисобот ва ҳужжатларни тўлдириши оқибатида асосий ишлари - ўқувчиларга таълим беришга вақт етмасди. Эндиликда Қонунчиликда белгиланган 6 та иш ҳужжатидан бошқа ҳисобот ва тақвимлар юритилиши қатъиян ман қилинди.

Юксак салоҳиятли ўқувчиларни тайёрлаш маънавий бой ва интеллектуал ривожланган авлодни шакллантириш мақсадида Президент, ижодий ва ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилиб, таълим сифатининг илғор тажрибалари қўлланилмоқда.

Қоғозбозликдан озод қилиш, ҳисоботларни қўлда ёзиш, ҳар бир дарс бўйича ҳар йили қайта-қайта кўчириладиган дарс режаларини қайта ёзиш ва ҳоказоларга чек қўйиш учун “Kundalik” электрон таълим платформаси кенг жорий қилинди.

Ва, энг асосийси, ўқитувчиларнинг ойлик маошлари муттасил ошириб борилмоқда. Умумтаълим фанлари бўйича тегишли даражадаги сертификатга эга бўлган педагог кадрларга ҳар ой қўшимча 20 фоиздан 50 фоизгача устама тўланади. Ўқитувчиларга имтиёзли истеъмол кредитларини бериш, олис ҳудудларга бориб ишлаётган педагоглар учун устамалар белгилаш жорий этилди.

Шунингдек, 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб умумий ўрта таълим муассасалари кутубхоналари ва «Болалар кутубхоналари» ходимларининг лавозим маоши миқдори 1,2 бараварга оширилди.

Мазкур норма давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг педагогларнинг шаъни ва қадр-қиммати камситилишига, уларнинг меҳнатга мажбурланишига, таълим-тарбия жараёнига тўсқинлик қилишнинг ҳар қандай шаклларига, ўқитувчиларнинг ҳуқуқлари бузилишига йўл қўймаслик бўйича қонун ҳужжатларида назарда тутилган чораларни кўришга хизмат қилади.

Шунингдек, Ўзбекистонда фаолият юритаётган 685 мингдан ортиқ ўқитувчини давлат томонидан профессионал ўсиши ҳамда ижтимоий ва моддий қўллаб-қувватланишини кучайтирилиши уларнинг жамиятдаги ижтимоий мақоми ва обрўсини янада оширишга олиб келади.

Ўқитувчиларнинг обрўсини ошириш, қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлигини таъминлаш каби вазифаларни Конституцияда белгилаб қўйилиши болаларимизнинг сифатли ва замонавий таълим олишига, келажакда фаровон яшашига хизмат қилади.

Ғайрат АБДИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.