Конституцияга таклифим бор: Ўзбекистонга кириш тақиқланмаслиги керак
Бош қомусимизнинг 7-моддасида “Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи. Ўзбекистон Республикасида давлат ҳокимияти халқ манфаатларини кўзлаб ва Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда унинг асосида қабул қилинган қонунлар ваколат берган идоралар томонидангина амалга оширилади”, дейилган.
Ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган Конституцияда 7-модда “Халқ бутун ҳокимиятнинг эгаси ва ягона манбаидир. Халқ ўз ҳокимиятини референдум ва сайлов орқали бевосита ҳамда сайланган вакиллар орқали билвоста амалга оширади”, тарзида ёзилиш керак.
Шунингдек, амалдаги Конституцияда бўлмаган қуйидаги таҳрирдаги янги модда қўшишни таклиф қиламан: “Ўзбекистон фуқароси фуқароликдан ва ўз фуқаролигини ўзгартиришдан маҳрум қилиниши мумкин эмас. Ўзбекистон фуқаросининг Ўзбекистон ташқарисига бадарға қилиниши, Ўзбекистонга киришига тақиқ қўйилиши мумкин эмас”.
Илгари Ўзбекистон Республикасининг баъзи фуқаролари мамлакатдан мажбурий тарзда чиқариб юборилган ва қилмишидан қўрқиб чет элга кетганларнинг бир қисми Ўзбекистон фуқаролигидан маҳрум қилинди. Ўзбекистон шу юртда туғилган ёки кейинчалик фуқаролик олган барча инсонларнинг ватани. Улар миллатидан, қилмишидан қатъи назар Ўзбекистон ҳудудида яшашга ҳақли. Уларни бу ҳуқуқдан маҳрум қилишга юридик жиҳатдан, мантиқан ҳам нотўғри, деб биламан. Шунинг учун юқорида баён қилинган тарздаги янги нормани Конституцияда белгилаб қўйиш керак.
Абдулла Қувватов,
СамДУ доценти.
***
Фикримча, “давлат чет элда яшаётган ва ишлаётган фуқароларимиз ҳамда ватандошлар билан мунтазам алоқаларни сақлаб қолиш ва ривожлантириш ҳақида ғамхўрлик қилади”, деган қоидани киритиш керак.
Бу ўзгаришни эшитиб, чет элда ишлаб юрган ватандошларим кўзларидаги чексиз қувонч ва хурсандчиликни ҳис қилиб турибман. Чунки бир вақтлар “сенлар ҳаммаларинг дангасасанлар” деган таъна ва дашномларни эшитган қора кўзлар учун “мени ҳам ўйлайдиган, мени ҳам ҳимоя қиладиган” давлат борми?” деган саволига нисбатан бугунги куннинг, бугунги сиёсатнинг дангал жавоби бўлади: Сиз ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ФУҚАРОСИ!
Бу қоида орқали давлатимизнинг ҳақиқий оталарча меҳри, тантилиги намоён бўлади. Сирасини айтганда, бу ўзгаришдан олдин ҳам амалий ишлар бошлаб юборилган. Буни халқимиз кўриб, билиб турибди. Пандемия пайтида Россиядан, бошқа чет давлатлардан қанчадан-қанча юртдошларимиз давлатимиз томонидан Ватанга, оиласини олдига қайтарилди, вақтинчалик бўлса ҳам иш билан таъминланди.
Конституцияга шундай ўзгартиш киритилса қанчадан-қанча ота-оналар, ака-укалар, опа-сингиллар ўз жигарлари тақдиридан кўнгли тўқ бўлиб, енгил тин олиши табиий.
Инобат Бобоқулова,
Самарқанд шаҳар 1-сон фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлими мудираси.