Конституцияни ўзгартиришга оид қонун лойиҳаси қайта ишлашга юборилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида Конституциявий қонун лойиҳасини такомиллаштиришга доир ишларни давом эттириш ҳақида қарор қабул қилинди.

Мажлисда депутатлар Конституциявий комиссия ва масъул қўмиталар томонидан амалга оширилаётган ишларни эътироф этган ҳолда, халқимиз асослантирилган, ўйлаб таҳлил қилишга мажбур қиладиган кўплаб таклифларни бераётгани ва бундай таклифларни эътиборсиз қолдириш ёки уларга юзаки ёндашиш мумкин эмаслигини айтиб, Конституциявий қонун лойиҳасини такомиллаштиришга доир ишларни давом эттириш таклифини илгари сурди.

Илғор хорижий тажрибани ўрганишни ташкил этиш, давлат ва жамият қурилишининг самарали конституциявий асосларини яратиш бўйича энг яхши тажрибани амалиётга татбиқ этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш чораларини кўриш, конституциявий ислоҳотларнинг долзарб масалаларини муҳокама қилиш, унинг асосий вазифалари ва конституциявий янгиликлар моҳияти ва аҳамиятини тушунтириш бўйича маҳаллий ва хорижий экспертларни жалб этган ҳолда мамлакатимизда ва чет элларда қатор тадбирлар ташкил этиш зарурлиги қайд этилди.

Муҳокама сўнгида 128 депутат ўзгартиришлар бўйича ишларни давом эттириш тўғрисида қарор қабул қилиш учун овоз берган, 1 нафари қарши чиққан ва 1 нафари овоз бермаган.

Мажлис якунида Конституциявий қонун лойиҳасини такомиллаштиришга доир ишларни давом эттириш ҳақида тегишли қарор қабул қилинди ҳамда масъул қўмиталар олдидаги вазифалар белгилаб берилди.

Қуйи палатанинг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Жаҳонгир Шириновнинг айтишича, Конституциянинг 76 та моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар, қолаверса, 15 та янги модда ва 1 та янги боб киритиляпти.

Эслатиб ўтамиз, ўзгартиришлар лойиҳаси 25 июнь куни эълон қилинганди ва муҳокама учун 10 кун берилганди. 4 июль куни депутатлар мазкур муддат етмаслигини тан олиб, муҳокамаларни яна 10 кунга узайтирди. 15 июлда қуйи палата вакиллари муҳокамалар муддатини бу сафар 15 кунга, яъни 1 августга қадар узайтириш тўғрисида қарор қабул қилган эди.