Самарқандлик 2800 киши тақдирланди
Самарқанд вилояти ҳокимлигида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 8 ноябрдаги фармони билан таъсис этилган “Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги” эсдалик нишонини топшириш маросими ўтказилди.
Вилоят ҳокими Э.Турдимов маросим қатнашчилари – давлат ва жамоат ташкилотлари фаоллари, турли соҳалар илғорлари, нуронийлар ва ёшлар вакилларини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг ўттиз йиллиги билан табриклади. Мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини юксалтириш, барча соҳаларда ислоҳотлар изчиллигини таъминлашда Бош Қомусимиз ҳуқуқий асос эканлигини қайд этди.
Бугун Янги Ўзбекистонни барпо этиш жараёнида юртимизда конституциявий ислоҳотлар амалга оширилиб, халқимизнинг таклиф ва фикрлари асосида Бош Қонунимиз янада такомиллаштирилмоқда.
– Бу йил Конституциямиз қабул қилинганига ўттиз йил тўлди ва шу муносабат билан давлатимиз раҳбари фармонига кўра, “Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги” эсдалик нишони таъсис этилди, – деди Э.Турдимов. – Вилоятимизнинг 4 миллионли аҳолиси орасидан сиз каби 2800 нафардан ортиқ самарқандликлар ушбу шарафга муносиб деб топилди. Барчангизни мазкур нишон билан тарбиклаб, энг эзгу тилакларимни билдираман.
Тадбирда вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари ходимлари, депутатлар, давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари, тадбиркор ва фермерлар, меҳнат фахрийлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари ва бошқа соҳалар вакилларига эсдалик нишонлари тантанали топширилди.
– Юртимизда мулкдорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва кафолатлашда конституциямиз мустаҳкам ҳуқуқий асос ҳисобланади, – дейди Паст Дарғом туманидаги “К-Элдор” фермер хўжалиги раҳбари Эркин Шеров. – Бизнинг фермер бўлиб ерга эгалик қилишимиз, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишимиз замирида ҳам Асосий Қонунимиз турибди. Шунинг учун бу эсдалик нишони мен учун жуда қадрли ва унинг қиммати баланд.
Маросимда бир гуруҳ давлат хизматчилари Самарқанд вилояти ҳокимлигининг фахрий ёрлиғи билан тақдирланди.