Беҳбудий илм-фанни, маърифатни, юрт равнақини, озодлигини ўйлаган, унинг учун ҳаловатидан кечган арбоб эди
Беҳбудий ниятларининг руёби учун қулай замонни кутмади. Ҳаётининг ҳар сониясида мавжуд шароит талабларини ҳисобга олиб, ўз мақсади йўлида ҳаракат қилди. Буни биз унинг ёзиб қолдирган хабар, фиқра ва мақолаларида ҳам кўришимиз мумкин.
Улардан энг машҳурлари “Ҳуррият — озодлик — свобода — эркинлик”, “Государственная Дума вакиллари хусусинда”, “Дума ва Туркистон” мақолаларидир.
Бунда Беҳбудий миллий фуқаро учун Думада жой ажратилганлиги ва ундан юрт манфаати йўлида фойдаланишмаётганлигини таҳлил қилади. Бунинг учун Думага вакил қилинмиш бойларимизнинг тил билмасликлари, мустамлакачи давлатнинг қонун-қоидалари ўрганилмаганлигини таҳлил қилади. Тўғри, бугун Чор Россияси Думасининг асл аҳволидан хабардормиз. Бироқ, бунда Беҳбудийнинг мавжуд шароитдан чора излаганини кузатишимиз мумкин.
Шу пайтгача кўпгина илмий асарларда Беҳбудий публицистикаси бир томонлама ёритиларди. Бунга, аввало, тузум сабаб бўлганлиги ҳаммага аён. Собиқ шўро даврининг қайта қуриш замонидаги битикларда ҳам бирёқламалик мавжуд эди. Бунга сабаб мақолалардаги Беҳбудий билдирган фикрларнинг таҳлилида, аниқроғи, у тарғиб ва ташвиқ этган маърифатда исломий тартиб-қоидаларнинг ҳам мавжудлигини биз бегоналик билан қабул қилаётгандекмиз. Бу таъсир ҳурриятга чиққанимиздан кейин ҳам сезилди. Бу бегоналик бизнинг боболар дунёқарашидан, халқ миллиятидан, қадриятидан ажратиб ташланганлигимиз асоратидир. Шунинг учун Беҳбудийнинг айнан ўзидек қабул қила олмаяпмиз. Албатта, бугун бу хатоликни тузатмоққа фурсат етди, яъни исломни ўрганиш замирини илмий тушуниш, дунёни бир бутун кўриш, хусусан, исломни ҳам яхши ўрганиш керак. “Унда тараққий этолмаймиз”, дейиш ҳам бефойда. “Динни, исломни билмай туриб, жадидчиликнинг моҳиятини тушуниб бўлмайди”, деганди Азиз Мираҳмедов.
Беҳбудий оддий мусулмонлар қаторида эмас, шариатнинг масъул кишиларидан эди. Шунинг учун унинг ижодини ўрганишда мана шу жиҳатга алоҳида эътибор беришимиз керак бўлади. Беҳбудий ўзининг ҳар бир мақоласида ислом ва илмга тегишли гаплар “шариатга хос”лигини таъкидлайди. “Миллатлар қандай тараққий этарлар?” мақоласида миллат кўйида ёниб шундай ёзади: “Бир карра диққат қилиб маҳалла-кўй ва қишлоқ халқлариға қаралсун. Авомлик, беилмлик нақадар кўпайган, биз мусулмонмиз. Мусулмонларға илм лозим, амал лозим, ўқумоқ керак...”.
“Биз мусулмонмиз, мусулмонликға илм лозим, амал лозим”, дейди Беҳбудий. Бу билан у Қуръони каримдаги оятларга таянган ҳолда хулоса чиқаряпти. Қуръон ҳеч қачон илмий дунёқарашни, табиий илмларни инкор қилган эмас. Беҳбудий исломни ҳар қандай таълимотдан юқори қўяди: “... Исломият шундай бир дини мутаййин ва қобили тараққийдурки, нақадар илми замоний кўб ўқулса, инсонни яна дини исломға шунча ақидаси мустаҳкам бўлур”.
Бу гаплар айни кунда Ғарб оламида кўп ишлатиляпти. Масалан, русларнинг энг машҳур ёзувчиларидан бири А.Солженицин ҳам исломнинг қуввати XXI асрда сезиларли бўлишини таъкидлайди.
Беҳбудийга қайтамиз: “Чунончи, илми замоний кўб ўқуғон Оврупо олимларининг энг номдор ва давлатликларидан мусулмон бўлуб турганлари жаридахонларимизға маълумдур. Бас, собит бўлдики, илми замоний исломиятга зарар қилмоқ нари турсин, фойда этар...”.
Беҳбудийнинг исломга ишончсизлик билан қараганини ҳеч қачон кўрмаймиз. Худди шу ерда Беҳбудий ижодини ўрганишдаги айрим чалкашликларни айтиб ўтмоқчимиз. Беҳбудийнинг 1917 йил Октябр тўнтаришидан сўнг халқ комиссарлигида ишлаганлиги кўп манбаларда таъкидланади, лекин тушунтиришга келганда юзаки ва чалкаш фикрлар айтилади.
Маҳмудхўжа Беҳбудий номининг тикланишига катта ҳисса қўшган Солиҳ Қосимов ёзадилар: "...Беҳбудийнинг қарашлари, фаолиятида маърифатпарварлик ва шариат узвий бирликни ташкил этади. Бироқ бирор сабаб билан ўз фаолиятини икки узвини танлаш эҳтиёжи пайдо бўлганда эди, биз аминмизки, Беҳбудий маърифатпарварликни танларди...”. Домланинг ушбу фикрларини бир оз ўзгартирсак ҳам “исломий маърифатпарварликни” дейиш мумкин. Зеро, унинг қуйидаги сўзлари фикримиз далилидир: “Ҳақиқий исломият Қуръони карим ва таълими ҳазрат Расули акрамға мувофиқ эътиқод ва амал қилмоқдур”.
Яна бир фикр. Беҳбудий социализм назариясидан бехабар бўлганлиги ҳақида ҳам домла С.Қосимовда айрим чалкашликлар мавжуд, чунки ул зот яшаб, ижод этган давр — моддиюнчилар даври эди.
“Маҳмудхўжа ва социалистик инқилоб. Беҳбудий номининг социалистик инқилоб тушунчаси билан ёнма-ён келиши баъзи ўқувчиларга эриш туюлиши мумкин, албатта. Дарҳақиқат, Беҳбудий социалистик революция назарияси билан танишмиди? Марксизм назариясидан хабардормиди?”. Афсуски, бу саволларга асосан салбий жавоб беришга тўғри келади. Зеро, марксизм бус-бутун революцион таълимот. Шубҳасиз, Беҳбудий бу таълимот билан яхши таниш бўлмаган. Бироқ, Россиядаги айрим сиёсий партияларнинг, жумладан марксчиларнинг баъзи ижтимоий масалаларга қараши билан у шубҳасиз, таниш бўлган. Буни, жумладан, унинг 1906 йилда ёзилган ва “Хуршид” газетасида эълон қилинган “Хайр ул-умуру авсатиҳо” сарлавҳали мақоласидан ҳам кўриш мумкин. Унда бюрократик — мустабид фирқаси (ҳукумат партияси), машрутаи авомия — маишати машрута фирқаси (кадетлар), иштирокиюни — маишати муштариқа фирқаси (социал-демократия) ва Россия мусулмонлари иттифоқи партиялари программаларидаги айрим ўринлар чоғиштирилади... айрим эътиборли мутахассислар худди шу мақоладаги баъзи фикрлар, чалкашликлар ва ноаниқликларни рўкач қилиб, авторни бадном этганлари сабабли унга бир умрга “большевизмнинг ашаддий душмани” деган тавқи лаънат осиб қўйишган эди. Афсуски, ҳеч ким бу мақоладан кейин Беҳбудий дунёқарашида юз берган ўзгариш, унинг Советлар ҳокимиятига муносабати ва Самарқанд шўросининг маориф нозири сифатидаги ҳалол меҳнати билан қизиқиб кўрмаган”.
Кўчирманинг кенг олинишига бир неча сабаб бор. Аввало, муаллиф марксизм даврида яшаб туриб, миллат фидойиси — Беҳбудийни ҳимоя қиляпти ва уни социализмдан бегона эмас, дея шўролар ҳукуматига хизмати катталигини таъкидлаяпти. Муаллиф айтаётган “айрим эътиборли мутахассис”лардан бири М.Ваҳобов эди. Дарҳақиқат, у ҳам ушбу мақолани ўқиган ва уни “Ўзбек социалистик миллати” китобида танқид остига олиб, Беҳбудийнинг чалкашликка йўл қўймаганлигини, балки социалистларнинг ғоялари қандайлигини кўрсатиб берганлигини ёзади.
“Беҳбудий социалистик партиялар устида гапириб, бу партиялар жаҳонда шахсий мулкни тугатмоқчи, ҳаммани ишга тортиб, шахсан ишламасликдан кун кўрувчи кишиларни йўқотмоқчи, маҳсулотни барча ишлаган кишиларга тенг тақсим қилиб бермоқчи, дунёда бойлар билан камбағаллар деган тушунчани йўқотиб, ҳаммани тенг қилмоқчи, дейди. Социалистларнинг программаси, Беҳбудий фикрича, ислом қоидаларига бутунлай зид бўлгани учун мусулмон меҳнаткашлари бу партиядан қочишлари керак эмиш. Уларнинг программаси, - дейди Беҳбудий, - ҳозир амалга ошиши мумкин бўлмаган хаёлдан иборатдир. Агар бир фалокат бўлиб, уларнинг программаси амалга ошиб қолса, қиёмат қоим бўлармиш”.
Кўриниб турибдики, бу таҳлил большевик томонидан танқидий руҳда ёзилган. Шундай бўлса-да, Беҳбудийнинг шахсий мулкни тугатиш одамзодни не аҳволга солиши мумкинлигини айтганлигининг ўзи натижани олдиндан кўра билиши эмасми? Социалистларнинг программаси ҳам ислом қоидаларига бутунлай зидлиги, унинг худосизлигидадир. Беҳбудий қиёмат қоим деганда миллатнинг келажаги не аҳволда қолиши, қатағонлар бўлиши, иймонли кишиларни бу жамият ҳалок этишини назарда тутмадимикан? Ҳозир хулоса чиқариш осон, лекин воқеа-ҳодисани аввалдан кўра олиш донишмандликни талаб қилмайдими?
Қолаверса, “Эҳтиёжи миллат”даги сўзлар юқорида номи тилга олинган мақоласидаги фикрларини тўлдиради: “Замондин бохабар ва ҳукумат жадида ва фалсафа ҳадисадан воқиф уламомиз бўлганда динсиз ва динли табиййун ва моддийун, нигилист, сотсиалист... янги файласуф ва динсизлар афкорини раддига китоблар тасниф қилиб, масжид ва минбар ва мажлисларга авом ва ҳавас умматни эътиқодини маҳкам тутмоқига боис ва сабаб булурлар”.
Марксист М.Ваҳобов Беҳбудийни танқид остига олиши маълум эди. Зеро, у ўзига хос партияни танлаган эди. С.Қосимовнинг ҳимояси ҳам М.Ваҳобовнинг қуйидаги асослари олдида жуда жонсиздек туюлади: “Беҳбудий мусулмонлар партияси устида сўзлаб, бу партия биз мусулмонлар учун жуда зарур, шундай партия йўқлиги учун биз ҳозиргача эзилиб келмоқдамиз, дейди. Бу партиянинг асосий вазифаси, унинг фикрича, сиёсий масалаларда кадетлар билан бирга ҳаракат қилиб, мамлакатда конституцион монархия тузуми жорий қилишдан, мафкура майдонидаги вазифа эса ислом динини янада мустахқамлаб, унинг айрим қолоқ, эскирган ақидаларини ислоҳ қилиб, маҳаллий меҳнаткашлар ўртасида мусулмонлик ва ислом ахлоқини сақлаб қолишдан иборат эмиш. Агар бундай партия бўлмаса, 10-20 йиллар орасида бизнинг динимиз бузулиб, ислом ахлоқи барбод бўлади, биз қиёфамизни йўқотамиз”.
С.Қосимовнинг ҳимоясига келганда, айтишимиз мумкинки, у ўзининг ўрганиш жараёнларида Беҳбудийнинг миллат учун жон куйдирганлигини билгач, миллат нуқтаи назаридан ҳимоя қилади. Гап бу ҳимоянинг қандай асосланганлигида эмас, гап унинг ҳимоя қилинганидадир. С.Қосимов Беҳбудий ҳақида ижобий фикр айтган биринчи олимлардан эди.
Хулоса шулки, Беҳбудий илм-фанни, маърифатни, юрт равнақини, озодлигини ўйлаган, унинг учун ҳаловатидан кечган ислом кишиси эди.
Ҳалим САИДОВ,
филология фанлари доктори, профессор.
(Давоми бор)