"Шифобахш" олма

- Хотин, шу онанг сени менга алдаб топширганидай мана шу олманиям алдаб берган экан. Ҳар йили устини эшакни қўтиридай доғ босиб кетади...
Бекмурод ака ёнбошлаб қалпоғини ирғитиб юборди. Икки марта қайта-қайта олмага қараб қўйди. Чуқур уф тортди.
- Ўзи-чи, шу олманинг кўчатини ҳеч қанақа Саратовми, Архангелскми, ўша томонданам олиб келмаган, Пардаали лофчи буванг ҳаммаларингни алдаб, бир бало жарлардан топиб келганга ўхшайди. Энди бу олманинг ҳосилини бу йил ҳам сота олмаймиз.
- Ўзим сотиб келаман, - шартта гапнинг ўртасидан кесди Руқия хола. - Сиз бундан олдин ҳам бир ишни бажаролмагансиз, бундан кейин ҳам бажара олмайсиз. Менинг уруғимга айбни тўнкаб ўтирасиз. Эплаганчи, кампирни қиз қилиб эрга берганакан.
- Э, ҳали биз бир ишни эплолмайдиган бўлиб қолдикми?..
- Эпласангиз мана шу олмани сотардингиз. Мени тепамда луқма отмасдан.
- Бу олмангни сотмайманам.
- Ўзим сотаман. Пулига тилла занжир оламан. Ана ўшанда оғзингизни очиб қоласиз.
- Ҳали бу олмангни биров тўрт сўмга оладими-йўқми, билмайсан, яна менга "ултиматум" қўясан.
Руқия хола ўрнидан туриб этагини бир силкиб кетиб қолди. Бекмурод ака ҳар доимги одатини такрорлади, ёғлиққина қилиб сўкиб қўйди.
Бироздан сўнг Эргаш шилқим кириб келди. Ўлгудай шилқим ва гапи кўп одам. Бекмурод ака қайноғаси бўлса ҳам бу болани ёқтирмасди.
- Ҳа, поччагинам, бу, роса қовоғингиздан қиш қаттиқ келадиганга ўхшаб турибсиз. Носқовоғингизни йўқотиб бодомқовоғингизни топиб олдизми?
- Эркакка ўхшаб гапир. Нима гап, дангалини айтавер?
- Олмангизга харидормиз.
Эргаш дегич бирни учга пуллаган бола. Бозор кўрган. Поччасини икки дақиқада алдади-қўйди. Почча нарвон топиб олма шохига осила кетди. Ўзи эса яшикчига телефон қилди. Бироздан сўнг элликта яшик билан бир қоп юмшоқ, оппоқ бир бало келди. Эргаш шилқим бир четда ўтириб олмаларнинг юзини артиб, ҳалигини битта-битта кийгиза бошлади.
- Почча, олмаларингизга "келин кўйлак" кийгизамиз-да. Бу олмаларингизни бир Россияга экспорт қилиб юбормасамми ҳали.
Эргаш эллик яшик олма терилса, поччасига пулни бели синмаганларини топширадиган, ўзи эса сотгани эвазига бир-икки сўм кўнгилдан суғириб олдиган бўлди.
Бироздан сўнг бозорқўм келиб қолди. Эргаш шилқим ўрнидан турасолиб чўнтагига қўл юборди. Бир почка "бели синмаган"ни олиб бозорқўмни қўлига тутқазиб кўришди.
- Тўйлар муборак бўлсин, ака. Эшитишимизча, кичкинангизни суннат тўй қипсиз, биз бехабар.
Унгаям икки йил бўлди. Э ака, биз тўёнани шундай кечиксаям виждонимиз қийналиб ушлаб юрамиз.
Расмиятчилик узоққа чўзилмади. Гапнинг дангалига кўчди мавзу. Бозорқўм олмаларнинг алламбало нави эканлигига қоғоз ёзиб берадиган бўлди. Текширув ҳужжатларига бир гала витаминлар рўйхати қўшиладиган, хуллас, олманинг мақтови шу ернинг ўзида тарқалиб кетди. Эртасига мана шу олма сотилмагунча бошқа бирор яшик олма бозор растасига чиқарилмади. Бозорқўм тўёнани ҳалоллади.
Шундай қилиб, Руқия хола айтганини қилди. Битта тилло занжирни ярқиратиб эрининг кўзини олайтириб у ёқдан-бу ёққа ўтди.
- Менга десачи, баргиниям табибларга сот, хўпми?
Қалпоғини олиб ирғитворди Бекмурод ака.
- Рост айтдингиз, мен Эргаш билан гаплашиб кўрайчи, табиблардан таниши йўқмикан.
Бекмурод ака эмаклаб бориб, қалпоғини қайта кийди.
Эшикдан яна Эргаш шилқим кириб келди.
- Э-э-э, поччагинам, бу дейман сизни яна уринтириб қўядиганга ўхшайман. Бу биз берган олманинг барги асаб тизимига кони фойда чиқиб қолди-ку. Абдулла ошнам билан гаплашдим. Чой қилиб сотадиган бўляпмиз. Туринг ўрнингиздан, дарахтнинг баргини теринг.
Бекмурод ака чўк тушиб ўтириб олди.
- Олдиндан келишиб олайлик, пулнинг ярмини ўзимга берасан.
Эргаш шилқим поччасининг қулоғига шипшиди: "Поччагинам, опамни чақирайми ё ўзингиздан билиб ишга киришасизми?". Сўнг хохолаб кулиб юборди.
Бекмурод ака ўрнидан туриб пичирлаб сўкина кетди.
- Бозор кўрган хотин олма дейишганди. Бу туришда ўлсам, ўлигимни кўммасдан "колбасазавод"га топширмаса гўргайди.
Нуриддин ЗИЁ.