Самарқандда республика “Китобхонлик фестивали” бўлиб ўтди

Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси тасарруфидаги вилоят болалар кутубхонаси масъуллигида ташкил этилган фестивалда ижодкорлар, китобхон ёшлар, устоз-мураббийлар, барча вилоятлардан кутубхона раҳбарлари қатнашди.

- 2019 йилдан бери республика “Китобхонлик фестивали” ҳар йили битта вилоятда ўтказилади, - деди вилоят болалар кутубхонаси директори Гулбаҳор Шарипова. – Бу йил навбат Самарқанд вилоятига келди. Биз август, сентябрь ойларида вилоятдаги 1273 та умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари, кутубхоначилар, китобхон оилалар ўртасида 5 та кўрик-танлов ўтказдик. Масалан, “Эртакчи болажон” танловининг мактаб босқичида 7200 нафар, шаҳар, туман босқичида 1260 нафар, вилоят босқичида 16 нафар ўқувчи иштирок этди. Шунингдек, “Энг фаол китобхон ўқувчи”, “Ижодкор болалар”, “Китобхон оила”, “Йилнинг энг яхши кутубхоначиси” кўрик-танловларини ташкил этдик. Бундай тадбирлар ўқувчи-ёшлар қалбида китобга бўлган қизиқиш, меҳрни оширади.

Бундан ташқари, мактаб кутубхоналарида “Очиқ эшиклар куни”, “Китоб совға қил, маънавият улаш” китоб акциялари, викторина ва китобхонлик тадбирлари ташкил қилинди.

Фестиваль доирасида “Китобхонлик ҳафталиги”, шоир ва ёзувчилар билан ижодий учрашувлар, конференциялар, мактаб кутубхоначилари учун ўқув-семинарлар, китоб кўргазмалари, давра суҳбатлари, сайиллар, концертлар ва бошқа тадбирлар ташкил этилди.

Республика “Китобхонлик фестивали”да бешта танловнинг 1-, 2-, 3-ўрин ғолиблари, 8 нафар номинация совриндорлари ҳамда китобхонлик маданиятини ривожлантиришда ҳамкорлик қилган туман, шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлими масъул ходимлари дипломлар ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Масалан, “Эртакчи болажон” танловида Каттақўрғон шаҳар 17-умумий ўрта таълим мактабининг 3-синф ўқувчиси Машҳура Раҳмонова 1-ўринга муносиб деб топилди. “Энг фаол китобхон ўқувчи” танловида 1-ўринни Каттақўрғон шаҳар 17-умумий ўрта таълим мактабининг 11-синф ўқувчиси Одинахон Икромиддинова қўлга киритди. 

“Ижодкор болалар” танловида 1-ўринни Самарқанд шаҳар 81-умумий ўрта таълим мактабининг  9-синф ўқувчиси Паризода Тоҳирова эгаллади. “Китобхон оила” танловида 1-ўрин Иштихон тумани 59-умумий ўрта таълим мактабининг 9-синф ўқувчиси Бобуржон Шовқиев  ва отаси Тоштурди Турсуновларга насиб этди.

“Йилнинг энг  яхши кутубхоначиси” танловида Иштихон тумани 76-умумий ўрта таълим мактаби кутубхоначиси Соҳиба Раббимова ғолиб бўлди.

Шунингдек, “Энг яхши нутқ соҳиби”, “Энг яхши эртак ижрочиси”, “Энг зукко ўқувчи”, “Энг зийрак ўқувчи”, “Энг жозибали шеър соҳиби”, “Энг ёрқин истеъдод соҳиби” каби номинацияларда ҳам ғолиблар аниқланиб, тақдирланди. 

Тадбир якунида “Китобхонлик фестивали” эстафетаси Қорақалпоғистон Республикаси болалар кутубхонасига топширилди. 

Хуршида ЭРНАЗАРОВА.