Бир кило гўшт олти кун пишган кунлар ёки аутсорсинг можароси қандай якун топади?

“Аввалига ҳайрон қолардим, кейин жаҳлим чиқарди. Лекин кейин ўрганиб кетдим. Аммо барибир виждоним қийналарди, нега болаларга ўз ҳақи берилмас экан, деб. Ишонасизми, баъзи кўзбўямачиликларга кулишни ҳам, йиғлашни ҳам билмасдик. Дейлик, қозонга яхлит катта гўшт бўлаги солинарди. Овқат сузилаётганда эса бу гўшт олиб қўйиларкан. Мен аввалига наҳотки ҳар куни уни ўзлари ейишса, деб ҳайрон қолардим. Лекин билсам, кейинги кун ҳам қозонга ўша, яхлит бўлак солиб қўйиларкан. Қозонда гўшт борми, бор. Текширувчи келадими, бошқа валломати келадими бу гўштни кўргач, ғинг дея олмайди. Кейин ишдан кетдим. Виждоним қийналиб кетганидан эмас, тўғрисини айтаман, маоши ҳеч нарсага урвоқ бўлмаганидан кетдим”... 

“Боғча тарбиячиси бу ҳақда айтиб бераркан, ўша кунларни эслаб, хўрсиниб қўйди. 

“Текшириб нимани изламоқчимисизлар - қозонга нима солинганиними? Болалар нима еяётганиними? Бу ҳақда мендан эмас, бошқа амалдорлардан ҳам сўранглар, еяётган битта мен эмасман, билдиларингми! Олаверинглар, съёмка қиласизларми, ёзасизларми, менга фарқи йўқ!”, дея жаҳлиними ё заҳриними тўкиб солганди боғча мудираларидан бири. 

Негадир боғчалар ҳақида тасаввурларимиз узоқ йиллардан бери шундай даражада қолиб кетган. Гўё боғча кўма хазинадай. Унинг атрофида ҳамма хира пашшадай ўралашади. У ерда албатта “ейдиган, ўмарадиган” нарса бисёр ва унинг охири кўринмайди. Боғча мудиралари-ю ошпазлари ҳақида карикатура чизмаган рассом қолмади. Бу масалада ҳеч ким боғча томонга ён босмайди. Бу масалада ҳўлу қуруқ баравар ёнади. Бўрининг еса-емаса оғзи қон, деганларидай, ҳаммага назар бирдай ташланди. Болалар боғчаларидаги ноҳалоллик оддий ҳолга айланди, жамият ҳам бунга кўникди, гўё. Чунки бошқа илож ҳам йўқ эди, ишлайдиган ота-оналар учун ойлаб навбатда туриладиган, навбатда тургинг келмаса, бир неча “кўк”и билан иш битириб олишинг мумкин бўлган, оилавий ҳаёт учун жуда муҳим бўлган боғчага зўрға эришиб турибсан-у, унинг камчилигини айтиб, бошинг балога қолсинми? Озгина норозиликларга боғча мудиралари эътибор ҳам қаратмас, қаратгани билан кўп нарса ўзгармас эди. 

Шунинг учун ижтимоий тармоқларда яқинда чиққан хабарларга ҳам бир-икки сўкиш, боланинг ҳақи тешиб чиқсин, деб муносабат билдирди кўпчилик. Бу соҳада коррупция йўқолсин, дея ҳамма бирдан чиқиш қилмади. Сабаб ўша – бу ҳолга шунчалик кўникканмизки, унда коррупция йўқолишига ишонмаймиз.

Шу ўринда бир фикрни айтиб ўтмасак бўлмайди. Ижтимоий тармоқ фаоли Хайрулла Мамасолиев Самарқандда боғчаларга эскириб кетган гўшт тарқатилаётгани ҳақида бир неча марта бонг уриб, фактлар билан чиқиш қилди. Тошкент вилоятида эса 300 га яқин боланинг овқатдан заҳарлангани каби воқеалар ҳам жамиятда катта нафрат уйғотмади. Бутун мамлакат болалари саломатлиги ҳақида гап кетганда, бир-икки фаолларнинг чиқишини айтмаганда, ҳамма жим. Ҳар доимгидай текширилади, кўрилади, огоҳ бўламиз, эҳтиёт бўламиз, каби фикрлар билдирилди, холос. 

Ваҳоланки, боғчалардаги вазият ўзгаришидан умидимиз катта эди. Чунки кейинги йилларда оилавий боғчалар, ижтимоий шерикликдаги таълим муассасалари учун қатор шароитлар яратилиши кўпчиликка далда бўлди.

Мана бу рақамларнинг ўзи ҳам буни исботлаб турибди. Кейинги йилларда мактабгача таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш, мазкур муассасаларга болаларни тўла қамраб олиш бўйича муҳим вазифалар асосий ўринга кўтарилди. Бунинг натижасида ўтган 5 йилликда мактабгача ва мактаб таълими учун ажратиладиган маблағ 7 карра оширилди. Шу аснода мактабгача таълим ташкилотларида 1,5 миллион янги иш ўрни яратилди. Айни вақтда эса юртимизда 7 мингта давлат ва 31 мингдан зиёд хусусий боғча фаолият юритмоқда. Ундан ташқари, авваллари оналар зиммасида бўладиган мактабга қадам қўядиган болаларга илк бор қоғоз-қалам тутишни ўргатиш вазифаси ҳам мактабгача таълим тизими тасарруфига ўтиб, ҳозирда олти ёшли болаларнинг 96 фоизи мактабга тайёрлов гуруҳларига қамраб олинган.

Боғчаларга қамров илгариги 24 фоиздан 74 фоизга ўсгани ҳам, тўғриси, соҳадаги йирик сакрашлардан бири, деб ўйлайман. Чунки биз узоқ йиллар бу фоиз ҳали-бери кўтарилишига умид қилмадик, соҳа жойидан силжиши қийин бўлган бир ҳолатга тушиб қолгандай кўринарди гўё. Лекин буни қарангки, қисқа фурсатда бу янгиланишлар янгича ташаббус ва ғоялар билан дарҳол амалиётга кўчди. Ва ўз самарасини бера бошлади. 

Аслида боғчаларда овқатланиш тартибини аутсорсинг шаклига ўтказиш ҳам бу тизимда энг йирик коррупцияга нуқта қўйиш, болаларни овқатлантиришни янада яхшилаш мақсадида амалга оширилганди. 

Шу пайтгача айрим мактабгача таълим ташкилотларида аутсорсинг тизими йўлга қўйилган эди. Жорий йилда республикамиздаги барча давлат мактабгача ва мактаб таълими ташкилотларида аутсорсинг усулида соғлом овқатлантириш ташкил этилади. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 6 январдаги “Давлат мактабгача таълим ташкилотларида соғлом овқатлантириш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган. Шунингдек, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси билан биргаликда мавсумлар кесимида “Ягона мавсумий таомнома” ишлаб чиқилди ва тасдиқланди. Энди барча давлат мактабгача таълим ташкилотларида бир хил "Меню" асосида таом тайёрланади, дея янгилик сифатида узатгандик бу хабарларни. 

Афсуски, хабар биз ўйлаганчалик яхши янгилик бўлиб чиқмадими ёки... “Ойни этак билан ёпиб бўлмайди”, деганларидек, одамлар орасида ушбу янги тизим, баъзи “еган оғиз”ларнинг илдизига болта уряпти, шунинг учун ҳам турли бўҳтонлар тарқаляпти, деган фикрларни ҳам эшитиб қоляпмиз. Лекин бизнингча, аутсорсинг тизими “еган оғизлар” томонидан шаффоф ташкил этилмаяпти ва яна эски ҳаммом, эски тос услубида ишлаяпти. Бу тизимни бутунлай шаффоф ҳолда амалга ошириш шарт ва лозим. Кейинги хабарларга кўра, ҳозир шунинг устида бош қотириляпти, умид қиламизки, бош қотираётганлар фақатгина болаларнинг саломатлиги ҳақида, уларнинг соғлом ва сифатли овқатланиши ҳақида ўйлаяпти. 

Яқинда ҳамкасбим Хуршида Эрназарова олим Ботурхон Валихўжаевнинг рафиқаси билан суҳбат уюштирганди. Онахон узоқ йиллар боғчада мудира бўлиб ишлаган эканлар. “Мен ҳеч қачон боғчада овқатланмаганман, уйдан ёки кўчадан овқатланардим. Чунки турмуш ўртоғим ўзинг билиб-билмай болалар ҳақини еб қўясан, ҳеч қурса ўша ерда таомланасан-ку”, дея анча пайт боғчада ишлашимга рухсат бермаган. Мен эса ишимни жуда яхши кўрардим. Шунинг учун у кишига ваъда бердим: боғчадан туз ҳам тотмаганим бўлсин, деб. Ва бир умр шу ваъдамга риоя қилиб яшадим”. Ҳамкасбим мақоласидаги шу фикрларни ўқир эканман, ҳозир ҳам аёлидан шундай қатъий ҳалолликни талаб қила оладиган турмуш ўртоқлар бормикан, деб ўйлаб қоламан. Ва турмуш ўртоғига берган ваъдасига амал қилиб, иродасини тоблаб, болалар ҳақига хиёнат қилмасликни энг юксак аъмоли ҳисоблаб яшаган боғча мудиралари ҳалиям бормикан? Нима дейсиз?.. 

Гулруҳ Мўминова.