Қўшработнинг жозибадор тошлари дунё бозорига чиқмоқда
Гарчи Қўшработ тумани вилоят марказидан анча олис бўлса-да, табиати ва табиий бойликлари билан дунё ишбилармонларини ўзига қаратган.
Шунинг учун хитойлик инвесторлар Ху Хиан Шуи ва Лиан Лонгжие мамлакатимизда хорижлик инвесторларга яратилган қулайликлардан фойдаланиб, Қўшработда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйди, - дейди Қўшработ тумани давлат хизматлари маркази директори Бобур Худойбердиев. - Гап шундаки, яқинда улар Қўшработ тумани адлия бўлими давлат хизматлари маркази орқали тош қазиб олиш, кесиш, унга ишлов бериш ва пардозлашга ихтисослашган “SI JIE STONE” ҳамда “BA DA STONE” МЧЖ хорижий корхоналарини давлат рўйхатидан ўтказди. Корхоналар ишга тушиши билан маҳаллий 60 нафардан ортиқ аҳоли иш билан таъминланади.
Хитой фуқаролари мамлакатимизга улкан режалар билан келган. Хусусан, улар Ўзбекистондаги бизнесларига 5 миллион доллар инвестиция киритмоқда. Чунки келгусида фаолиятларини янада кенгайтириш, қўшимча 70 дан зиёд хизмат турларини йўлга қўйишни мақсад қилган. Тоғ-кон саноати билан боғлиқ, ветеринария хизматлари, қурилиш моллари ишлаб чиқариш, ҳудуд шароитидан келиб чиқиб туячилик ва туяқушчиликни ривожлантириш ва бошқа соҳалар шулар жумласидан.
Маълумот учун: Туман давлат хизматлари маркази орқали жорий йилнинг 6 ойида 10 623 та давлат хизматлари кўрсатилган бўлиб, 294 якка тартибдаги, 107 та юридик шахс мақомидаги тадбиркорлик субъектлари ҳамда 4 та хорижий корхоналар давлат рўйхатидан ўтказилган.