Қўзиқорин фойдали, деб ундан заҳарланиб қолманг!

Баҳорда ёмғир ёғиб сел келиш, сув тошқинлари каби офатлар одамларни хавотирга солса, табиат мўъжизалари эрта баҳордан тоғларда қир-адирларда бойчечак, лола, қизғалдоқ ва бошқа гуллар адирларимизни безайди. Бундан ташқари, ёғингарчилик даврида тоғ ён-бағирларида, дашт-у далаларда турли кўринишдаги катта-кичик қўзиқоринлар пайдо бўлади. Кўпчилик улардан тайёрланган таомларни севиб истеъмол қилади. Аммо бу ўсимликнинг ҳаммаси ҳам истеъмолга яроқлими?

Тўғри, қўзиқоринларнинг таркибида одам организми учун ўта муҳим бўлган углеводлардан ташқари А, В5, Р ҳамда С витаминлари, калий, фосфор, натрий ва темир моддаси бор. Шу жиҳатдан, фойдалилиги жиҳатидан қўзиқорин оқсили мол гўшти оқсилидан икки, балиқникидан эса уч марта устун туради. Истеъмол қилинадиган замбуруғлардан дашт замбуруғи ва дала шампиони анча хуштаъм ва мазали ҳисобланади.

Айнан шу сабабли бугун бозорларда бу маҳсулот кўпаймоқда. Бироқ уни сотаётганларнинг ҳаммаси ҳам маҳсулотини лаборатория текширувларидан ўтказмайди. Оқибатда истеъмолга яроқлилиги аниқланмайди.

Ушбу ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳаёт фаолияти хавфсизлиги ўқув маркази ҳодимлари томонидан Самарқанд шаҳридаги “Темир йўл”, “Сиёб деҳқон бозор”ларида аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини олиб боришди.

Истемолга ёроқлилиги бўлмаган қўзиқорин маҳсулотларини сотиб олмаслик тўғрисида бозор радиоси орқали ҳамда маҳсулот харид қилишга келган фуқароларга тушунчалар берилиб, 250 дан ортиқ эслатмалар тарқатилди. Бозор маъмуриятига ушбу турдаги маҳсулотлар сотилиши жараёнларига алоҳида эътибор бериш бўйича тавсиялар берилди.

Сизга ҳам тавсиямиз шу - бозор, дўкон ва бошқа жойларда сотилаётган сифати ва хавфсизлигига кафолат бўлмаган, шунингдек, номаълум кишилар томонидан сотилаётган янги терилган, қуритилган ва маринадланган қўзиқоринларни харид қилманг!

А.ТУРДИҚУЛОВ,

вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳаёт фаолияти хавфсизлиги ўқув маркази ўқитувчиси.