Қуролли Кучлар Ҳарбий тиббиёт академияси ташкил этилади
Тошкент тиббиёт академияси ҳузуридаги ҳарбий-тиббиёт факультети негизида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг юридик шахс мақомига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Ҳарбий тиббиёт академияси ташкил этилади.
Бу Ўзбекистон Республикаси Президентининг 22 октябрь куни қабул қилинган “Ҳарбий тиббиёт соҳасида кадрларни тайёрлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан белгиланди.
Академияда таҳсил олиш учун 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб номзодлар Ўзбекистон Республикаси олий тиббий таълим муассасалари даволаш факультетларининг бешинчи босқичини ва тиббий-профилактика факультетларининг тўртинчи босқичини тамомлаган, ўқиш якунлари бўйича энг юқори натижаларни кўрсатган, ўқишини Ҳарбий тиббиёт академиясида давом эттириш ва келгусида контракт бўйича ҳарбий хизматни ўташ истагини билдирган, шунингдек, соғлиғининг ҳолатига кўра, ҳарбий хизматга яроқли бўлган талабалар орасидан Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги томонидан танлаб олинади.
Академияда курсантларнинг мажбурий икки йиллик ўқиши икки босқичли ҳарбий тиббиёт ўқув дастури асосида: биринчи йил – бакалавриатда, иккинчи йил – Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари учун зарур бўлган мутахассисликлар бўйича ҳарбий интернатурада амалга оширилади.
Академиянинг бакалавриат босқичини тамомлаган курсантларга дастлабки “тиббий хизмат лейтенанти” ҳарбий унвони ва “ҳарбий врач” мутахассислигини берадиган давлат намунасидаги диплом ҳамда ҳарбий интернатурани тамомлагач, навбатдаги “тиббий хизмат катта лейтенанти” ҳарбий унвони ва тегишли мутахассислик берилганлиги тўғрисида белгиланган намунадаги гувоҳнома берилади.